Хитой Яқин Шарқдаги урушни зудлик билан тўхтатишга чақирди
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Яқин Шарқдаги вазият назоратдан чиқиб кетмаслиги ва можаро бошқа давлатларга тарқалмаслиги учун зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди. Пекинда ўтказилган брифингда дипломат ушбу муаммонинг куч ишлатиш орқали ечими йўқлигини, аксинча, қуролли тўқнашувлар янги нафратни келтириб чиқариб, вазиятни янада мураккаблаштиришини таъкидлади. Бу ҳақда tengrinews.kz хабар беради.
Ван И минтақа давлатлари, жумладан Эроннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш зарурлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, куч ишлатиш буюклик белгиси эмас, бегуноҳ одамлар эса уруш қурбонига айланмаслиги керак. "Кучли ҳар доим ҳам ҳақ бўлавермайди, дунё ўрмон қонунларига қайтмаслиги лозим", деди вазир. Шунингдек, у минтақа халқлари ўз тақдирини ўзи белгилаши кераклигини, ташқи кучларнинг ички ишларга аралашуви ҳамда рангли инқилобларни қўзғаш уринишлари ҳеч қачон қўллаб-қувватланмаслигини қўшимча қилди.
Дипломат барча томонларни музокара столига қайтишга ва келишмовчиликларни тенг ҳуқуқли мулоқот орқали ҳал этишга чақирди. Хитой томони Яқин Шарқни нормал ҳаёт изига қайтариш ва минтақада барқарорликни таъминлаш учун глобал хавфсизлик ташаббусини амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига ракета зарбаларини бериб, Эрон олий раҳбари Али Хоманаийни йўқ қилган эди. Бунга жавобан Теҳрон Исроил ва Форс кўрфазидаги Америка базаларига ҳужум қилиб, нефть ташиш учун муҳим бўлган Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйди.