World News in Uzbek

Вазира Юнусова қизлари нега актриса бўлмаганини очиқлади (видео)

Актриса Вазира Юнусова “Ўзимизнинг гап” кўрсатувида меҳмон бўлди. Суҳбат давомида ундан: “Нега қизларингиздан ҳеч бири сизнинг йўлингиздан кетмади?” деган савол сўралди.

Актриса бу саволга жавобан марҳум адаси айтган гапларни эслади.

“Раҳматли адаси: Битта оилага битта актриса етади, дердилар. Ўша пайтларда гастрол сафарларига кетардик, халқ хизматлари, театр, съёмкалар кўп бўларди. Шунинг учун ҳам оилада яна актриса бўлишини хоҳламас эдилар”, — деди актриса.

Вазира Юнусованинг айтишича, кейинчалик Фарангиз исмли қизи турмуш қуриб, фарзандли бўлганидан сўнг бир куни онасига йиғлаб мурожаат қилган.

“Бир куни қизим: Нега мени актриса қилмагансиз? Мен ҳам актриса бўлардим, деб йиғлаб қолди. Шунда мен: Актриса бўласанми? Майли, бўлди гап йўқ, дедим ва унга “Номус” сериалидан рол олиб бердим. Ўйнаб кўрсин дедим.

У ролни жуда яхши ижро этди. Режиссёр ҳам: Жуда яхши ўйнади, истеъдоди бор экан, тез олиб кетади, деди. Аммо бир-икки кун суратга олишда қатнашганидан кейин учинчи куни режиссёр қўнғироқ қилиб: Вазира опа, Фарангиз йўқ, топа олмаяпмиз, деди.

Қизимга қўнғироқ қилдим. У эса: Мен мактабдаман. Бўлди, бошқа съёмкага бормайман, менга ёқмади, деди. Мен эса жуда ҳижолат бўлиб, режиссёрдан узр сўрашга мажбур бўлдим. Мактабда ишлайдию, ишдан чақириб қолишибди, деб тушунтирдим”, — дея кулиб эслади актриса.

Фарангиз эса бу ҳолатга ўз муносабатини билдириб, шундай деди:

“Ростини айтсам, суратга олиш жараёнида кўп кутиш менга ёқмади. Соатлаб кутиш жуда қийин экан. Эпизодим келдими деб сўрасам, ҳали эмас, ҳозир, дейишади. Баъзан ток ўчиб қолади, баъзан техникалар заряди тугайди. Жуда кўп кутиш керак экан. Лекин кутишни ҳисобга олмаганда, жараён жуда қизиқарли бўлди, менга жуда ёқди”.

Актрисанинг бу ҳикояси кўрсатув томошабинларида илиқ табассум уйғотди.

Читайте на сайте