World News in Uzbek

Бугун масжидларда Қуръони каримнинг хатмоналари бўлиб ўтади

Бугун, 16 март куни кечқурун – бутун Рамазон ойи давомида 1765 та масжидда хушовоз қорилар томонидан ўқилган Қуръони каримнинг хатмоналари (якуни) ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Идора маълум қилишича, Ўзбекистон бўйлаб хатми Қуръонлар ўтказилган масжидларда юртдошларимиз хатмонадан кейинги дуоларга бир вақтда қўл очишади.

«Уламолар таъкидлашича, Қуръон хатм қилингач қилинган дуо рад этилмайди. Чунки Қуръон – Аллоҳнинг каломи бўлиб, уни тўлиқ ўқиб тугатиш улуғ ибодат ҳисобланади. Бугун дунё-ю охират саодатига эришиш учун илтижо қилиш учун муносиб вақтдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қуръон хатм қилинганда ижобат бўладиган дуо бор». Шунинг учун жамоат билан ўқилган намозлар, айниқса Қадр кечасида хатми Қуръондан кейин қилинадиган дуолар, иншаллоҳ, қабул бўлади», дейилади диний идора хабарида.

Таровиҳ намозларининг бошланиш вақти Фарғона водийси бўйича 20:20дан белгиланган. Воҳада ва Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудларида 21:00 гача давом этади. Тошкент вилояти ва пойтахтда таровиҳ намозлари 20:30 да бошланиши белгиланган.

Бу йилги хатмлар нафақат руҳий тарбия, балки барча юртдошларимиз учун баркамоллик ва саодатли умрга илтижо қилиш имконияти ҳамдир.

Читайте на сайте