World News in Uzbek

Кўчмас мулк ва транспорт олди-сотдиси қандай ҳисоб-китоб қилинади?

Адлия вазирлиги «Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисида»ги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, N, О ва G тоифага кирувчи транспорт ҳамда махсус автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китобларнинг амалга оширилгани нотариус ва банклар ўртасидаги электрон маълумот алмашиш йўли билан аниқланади.

Унга кўра, нотариуслар кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлашни тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар бўйича банклар томонидан тақдим этилган электрон маълумотлар асосида амалга оширади.

Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китоблар қуйидаги тартибда амалга оширилади:

- Харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон шаклдаги ариза билан мурожаат қилади;

- Банк томонидан тарафлар ўртасида шартнома бўйича келишилган пул маблағлари нақд ёки нақдсиз шаклда эскроу ҳисобварағига кирим қилинади;

- Шартнома тўлов мажбуриятларини кечиктириш шарти билан амалга оширилса, тегишли эскроу ҳисобварағига тарафлар ўртасида келишилган (бошланғич) пул маблағлари кирим қилинади;

- Шартнома тўлиқ ёки қисман кредит маблағлари асосида амалга оширилганда, бу ҳақда кредит ажратаётган банк томонидан нотариусга электрон маълумот юборилади;

- Харидор ёки унинг вакилининг банкдаги (банк картаси, талаб қилиб олингунча, электрон ҳамён) ҳисобварақларидан эскроу ҳисобварақ сифатида фойдаланилиши мумкин;

- Тарафлар олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариусга мурожаат қилади;

- Нотариус эскроу ҳисобварағида маблағлар мавжудлигини электрон шаклда текшириб олади ҳамда шартномани тасдиқлайди.

Шундан сўнг, пул маблағлари сотувчи ёки унинг вакили ҳисобварағига ўтказилади ёки ҳисобварағига ўтказилган маблағлар уларнинг сўровига кўра нақд шаклда тақдим этилади.

Читайте на сайте