World News in Uzbek

Зебинисо Ҳолиқова: “20 минг мени эгилтирди…” — ҳаёт сабоғи (видео)

Актриса Зебинисо Ҳолиқова “Мирсодиқова билан” дастуридаги суҳбати давомида ҳаётидаги муҳим бурилишлар, айниқса турмуш қуришдан олдинги ва кейинги давр ҳақида самимий фикрлар билдирди.

Унинг айтишича, ёшлигида барча эҳтиёжлари онаси томонидан таъминланган. Ҳатто машинасининг бензинигача, кийим-кечагигача онаси ҳал қилиб берарди. “Доим она пул дердим”, дея эслайди актриса.

Зебинисо бир воқеани алоҳида таъкидлади:

“Бир тўйда пул йиғаётганимда қўлимдан 50 доллар тушиб кетган. Лекин эгилиб олиш ўрнига, устидан ҳатлаб ўтиб кетганман. Чунки ўша пайт пулнинг қадрини ҳис қилмаганман”.

Аммо турмуш қургач, ҳаёт кескин ўзгарган. У рўзғор масъулияти зиммасига тушганини ва айнан 27 ёшида ўзини чинакам улғайганини англаганини айтади.

“Бир куни қўлимдан 20 минг сўм тушиб кетди. Уни олиш учун эгилдим ва шу ҳолатда бир оз туриб қолдим. Кейин ўйлаб қолдим: 20 минг мени эгилтирдия… Ахир бир пайтлар 50 доллар учун эгилмагандим, дедим”, — дейди у.

Актриса, шунингдек, турмушининг илк даврларида молиявий қийинчиликлар бўлганини ҳам яширмади. Улар алоҳида яшаган ва ёрдам берадиган, пул берадиган инсон бўлмаган. Барча масъулият эр-хотиннинг ўз зиммасида эди.

“Шунда онам билан яшаган даврнинг қадрини ҳис қилиб, йиғлаган пайтларим ҳам бўлган”, — дея қўшимча қилади у.

Зебинисо яна бир сирини ҳам очди: турмуш ўртоғидан уялгани учун икки ой давомида тўйларга чиқаётганини айтмаган. “Съёмкага кетяпман деб кийимларимни олиб, онам билан 3-4 соатга тўйга бориб келардим”, — дейди у.

Охир-оқибат у турмуш ўртоғига ҳаммасини айтган:

“Тўйга боришимни биласизми? Бугун мени 20 минг эгилтирди, деганимда, турмуш ўртоғим: Тўйга борма, мен бунга қаршиман, деганлар”, — дея сўзларини якунлади актриса.

Читайте на сайте