World News in Uzbek

Жамоат транспорлари Рамазон ҳайити куни бир соат олдин ишлайди

2026 йил 20 март, жума куни Рамазон ҳайити муносабати билан Тошкентда жамоат транспорти одатдагидан бир соат олдин — соат 04:00 дан иш бошлайди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” маълум қилди.

Қарор ҳайит намозида иштирок этишни режалаштираётган фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида қабул қилинган. Шу муносабат билан автобуслар ва метро поездлари эрталабдан йўловчиларга хизмат кўрсатади.

“Тошкент метрополитени” маълумотига кўра, метро поездлари ҳам соат 04:00 дан ҳаракатни бошлайди. Шунингдек, 20—21 март кунлари қатновлар шанба кунига мўлжалланган жадвал асосида ташкил этилади. 22—23 март кунлари эса поездлар якшанба куни жадвали бўйича ҳаракат қилади. Йўловчилардан ушбу ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ҳаракатни олдиндан режалаштириш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида” қарорни имзолаган эди. Бу ҳужжатга кўра, мамлакатда 2026 йил 20 март Рамазон ҳайити сифатида кенг нишонланади.

Байрам кунларида аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган маданий, маърифий ва хайрия тадбирлари ташкил этилади. Туризм қўмитаси ва Транспорт вазирлиги ҳамкорлигида юртдошлар учун мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга саёҳатлар йўлга қўйилади, бунинг учун қулай шароитлар яратилади.


Читайте на сайте