Эрон можароси ортидан нархлар кескин ошмоқда
АҚШ ва Исроил ўртасида Эрон атрофидаги кескинлик кучайганидан сўнг жаҳон бозорларида нархлар тез суръатларда ўсмоқда. Мутахассислар бу ҳолатни геосиёсий беқарорлик ва таъминот занжирларидаги узилишлар билан боғлашмоқда.
Маълумотларга кўра, Европа Иттифоқи табиий гази нархи 85 фоизга ошган. Шунингдек, ёқилғи мойи 80 фоиз, Brent хом нефти эса 54 фоизга қимматлашган.
Энергетика бозоридаги ўзгаришлар шу билан чекланиб қолмаган. WTI хом нефти 46 фоиз, бензин 44 фоиз, дизел ёқилғиси 42 фоизга ўсган. Бу эса транспорт ва саноат соҳаларига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Қолаверса, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида ҳам ўсиш кузатилмоқда. Карбамид нархи 48 фоиз, олтингугурт 25 фоиз, ўғитлар 23 фоизга ошган. Бу ҳолат фермерлар ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш тизими учун қўшимча босим яратмоқда.
Металл ва озиқ-овқат бозорларида ҳам ўзгаришлар қайд этилган. Кўмир 24 фоиз, пальма ёғи 13 фоиз, Темир рудаси ва гуруч эса 7 фоизгача қимматлашган. Шунингдек, АҚШ табиий гази нархи ҳам 8 фоизга ошган.
Экспертлар фикрича, агар минтақадаги кескинлик давом этса, бу нархлар янада ошиши ва глобал иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳозирги ҳолат эса дунё бозорларида ноаниқлик ва хавотирни кучайтирмоқда.