World News in Uzbek

АҚШнинг 15 бандли режаси: Эрон кескин рад жавобини берди

АҚШ томонидан Эронга тақдим этилган урушни тўхтатишга қаратилган 15 банддан иборат комплекс режа халқаро майдонда катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Bloomberg манбаларига таяниб хабар беришича, ушбу ҳужжатнинг асосий қисми — 12 та банди Вашингтон талабларидан иборат бўлса, қолган 3 та банди Теҳронга тақдим этилган муайян имтиёзлардан ташкил топган.

Режага кўра, стратегик жиҳатдан муҳим ҳисобланган Ҳўрмуз бўғози очиқ қолиши ва халқаро кемалар учун эркин ҳаракатланиш ҳудуди сифатида сақланиши назарда тутилган. Шу билан бирга, Эроннинг баллистик ракеталари сони ҳамда уларнинг учиш масофасига жиддий чекловлар жорий этиш таклиф қилинган. Бу қуроллар фақат мудофаа мақсадларида қўлланилиши шарт қилиб қўйилган.

Энг муҳим талаблардан бири — Эроннинг ядровий дастуридан тўлиқ воз кечиши. Ҳужжатда уран бойитишни тўхтатиш, мавжуд юқори бойитилган захираларни босқичма-босқич халқаро назоратга топшириш ҳамда Фордоу, Исфахон ва Натанз каби йирик ядровий объектларни бутунлай ёпиш ва демонтаж қилиш назарда тутилган. Бундан ташқари, Теҳрон тўлиқ шаффофликни таъминлаб, мустақил халқаро инспекцияларга йўл очиши кераклиги таъкидланган.

Режада яна бир қатор сиёсий ва ҳарбий талаблар ҳам илгари сурилган. Жумладан, Эроннинг турли минтақавий прокси гуруҳлар орқали фаолият юритиш амалиётидан воз кечиши, уларни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашни тўлиқ тўхтатиши шарт қилиб қўйилган. Шунингдек, Теҳрон расман урушни тугатганини эълон қилиши кераклиги ҳам қайд этилган.

Ўз навбатида, АҚШ томони Эронга нисбатан айрим енгилликлар беришни ҳам таклиф қилган. Хусусан, санкцияларни бекор қилиш, уларни қайта жорий этиш механизмидан воз кечиш ҳамда Бушердаги объект негизида фуқаролик ядро энергетикасини ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш ваъда қилинган.

Бироқ, манбаларнинг таъкидлашича, Теҳрон мазкур режани қабул қилмаган ва уни рад этган. Бу эса Яқин Шарқдаги мураккаб геосиёсий вазият янада кескинлашиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Кузатувчилар фикрича, томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар ҳали узоқ вақт давом этиши мумкин. Шу сабабли яқин кунларда дипломатик музокаралар янада фаоллашиши ёки аксинча, зиддиятлар янада кучайиши эҳтимоли юқори.

Читайте на сайте