World News in Uzbek

Энди фуқаролар номига олинган фирибгарлик кредитлари бекор қилинади

Фото: uza.uz

Ўзбекистонда фирибгарлар орқали фуқаролар номига расмийлаштирилган онлайн кредитларни бекор қилиш тартиби янгича йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган ва Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланган қарорда маълум қилинган.

Қарорга кўра, агар кредит фирибгарлик йўли билан расмийлаштирилгани аниқланса, фуқаро ушбу қарз билан боғлиқ барча молиявий мажбуриятлардан тўлиқ озод қилинади. Шунингдек, молиявий ташкилотлар асосий қарз, фоизлар, жарималар ва пеняларни ҳисоблашни тўхтатиши ва уларни ундиришни бекор қилиши шарт бўлади.

Жараён фуқаро томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза юбориш билан бошланади. Кейин текширув ва тергов ҳаракатлари ўтказилади. Агар фирибгарлик тасдиқланса, терговчи, прокурор ёки суд қарори кредит ташкилотига йўналтирилади ва шу асосда қарз бекор қилинади.

Агар маблағлар аввал ундирилган бўлса, молиявий ташкилотлар уларни фуқарога қайтариши шарт. Қайтариш банк картаси ёки кўрсатилган ҳисоб рақами орқали амалга оширилади. Шу билан бирга, кредитор текширув натижалари ёки суд қароридан норози бўлса, қонуний тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Агар текширув давомида фирибгарлик факти аниқланмаса, кредит бўйича ҳисоб-китоблар аввалги ҳолатга қайтарилади. Янги қоида 22 апрелдан кучга киради ва бу фуқароларнинг молиявий ҳуқуқларини янада муҳофаза қилишга хизмат қилади.

Читайте на сайте