Тўқсон ёшнинг шукронаси
Кексанг бор – бараканг бор, дейди доно халқимиз. Албатта, ҳар бир киши ёши улуғларнинг бутун жамият, Ватан равнақи учун сарфлаган кучи, қилган меҳнатини дилдан англаб, уларнинг ҳурматини ҳамиша жойига қўя билмоғи шарт. Зеро, улар – жамиятимизнинг устунлари, оиламизнинг мустаҳкам таянчи, сизу бизнинг дуогўйларимиздир. Шоирларнинг бирининг шеърида шундай сатрлар бор: Қанчалар лаззатли уйғона билиш, Шарт эмас ишинга чопиш, югуриш. Бошланган ҳар битта кунингдан қувон, Касал эмассан ва ҳаёт фаровон. Ёмон давр эмас асло кексалик, Бу давр аслида пирлик, юксаклик! Меҳнат фахрийси Жаҳонгир ҳожи ота Усмонов шундай ажойиб инсонлардан биридир, ота ҳақида гапирганда, фарзандларига меҳрибон падари бузруквор, невара-чевараларига ғамхўр бобо, маҳалладошларига доим хизматга тайёр инсон кўз ўнгимизда гавдаланади. Болажонлигини айтмайсизми! Отахон ҳамиша фарзандлар тарбиясини биринчи ўринга қўйиб келган, уларнинг баркамол бўлиб вояга етишларига интилган, Ватанга, халққа садоқатда бўлишни ўз ҳаёти мисолида исботлади. Жаҳонгир отанинг бу хислатлари айниқса, қарилик нафақасига чиққач, янада барқ этиб кўринди. Бундан 15 йил аввал, 75 ёшида ўзи истиқомат қиладиган, пойтахтимиздаги Шайхонтоҳур туманидаги “Камолондарвозаси” номли қадрдон маҳалласида ташландиқ бўлиб ётган жойни обод қилиб, маҳалла болаларига шахсий маблағи ҳисобидан ҳавас қилгулик стадион қуриб берди. Натижада “Камолон дарвозаси” футбол жамоасида тўп сурган болалар йиллар давомида ўсиб-улғайиб, етук спортчилар бўлиб етишди, кўплаб нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, юртимиз обрўсига обрў қўшишга муваффақ бўлишди. Жаҳонгир ҳожи ота Усмонов яқинда 90 ёш билан тўқнашди. Шу баҳонада табаррук отахонниг йўқлаб бордим. Қарияни уйда, оёқ узатиб ётган ҳолатда учратсам керак, деб ўйловдим, менга у кишини маҳалла стадионига кетган, деб айтишди. Тўқсонда ҳам тек турмайдиган ҳожи отанинг ғайрат-шижоатига қойил қолдим ва стадионга йўл олдим. Бу ерда ҳожи ота маҳалла футболчилари билан машғулот ўтказмоқда экан. Атрофда томошабинлар кўп, ҳамма ўйинни берилиб кузатмоқда. Жаҳонгир ҳожи ота билан суҳбатимиз қўр олди. Ота ўтмишни – қатағон, қаҳатчилик, очарчилик даврларини, Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги қийинчиликларни, урушдан кейин яна авж олган тазйиқларни, ўзбек халқининг асл фарзанди, буюк давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов вафотидан кейин “десантчилар” келганини, қама-қамалар яна авж олганини ва ниҳоят, республика раҳбарлигига Биринчи Президентимиз Ислом Каримов келиб, халқимизни мустақиллик сари бошлаганини бир-бир эслади. Жаҳонгир ҳожи ота Усмонов Биринчи Президентимизнинг назарига тушган кишилардан бири. Ислом Каримов Асосий Қонунимизнинг 14 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «Яна бир нуроний отахон – Тошкент шаҳар, Шайҳонтоҳур туманида яшовчи Жаҳонгир ота Усмонов ўзининг 8 миллион сўм маблағи ҳисобига болалар спорт майдончаси қуриб берган» деган сўзларни айтганида, ҳаяжонимизни босолмаган эдик. Гап шундаки, Жаҳонгир Усмонов яшайдиган «Камолон» маҳалласининг Тожи Расулов номидаги кўчада шаҳар ҳуснини хира қилган узунлиги юз метрлик, эни йигирма метрлик улкан ахлатхона бўлиб, теварак-атрофга бадбўй ҳид таратиб ётарди. Буни ҳар кўрганда, отанинг таъби хиралашарди. Бир куни хаёлига ажойиб бир фикр келди. У қўни-қўшниларини жамлаб, шу ерни обод қилсак, нима дейсизлар дея хашарга чорлади. «Барча сарф-харажатларни ўз зиммамга оламан, сизлар фақат қўллаб-қувватлаб турсангизлар», деди. Кўпдан қуён қочиб қутулолмас экан. Қисқа вақтда бу жой чиқитлардан холи қилинди. Ота ахлатхона ўрнига 60 машина тупроқ тўктириб, уни обод, дилтортар жойга айлантирди. Болалар учун ҳамма ҳавас қиладиган спорт майдончаси қурди. Атрофига терак экди. Ёз кунлари ям-яшил чим майдонини кўриб, барчанинг ҳаваси ошди. Жисмоний тарбия институти раҳбарлари билан гаплашиб, мураббий штатини ҳам йўлга қўйди. Спорт майдончаси бир эмас, олтита футбол командаси шуғулланадиган жойга айланди, болалар спорт жамоасига спорт кийимлари, тўплар, дарвоза тўрларини тортиқ қилди. Яхшилик ерда қолиб кетмас экан. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Жаҳонгир ота сингари мурувватпеша кишиларнинг жонкуярликлари ва меҳнатларини қадрлаб, ўша йили уларни давлат ҳисобидан муборак ҳаж зиёратига юборишга қарор қилди. Қўли очиқнинг йўли очиқ деганларидек, Жаҳонгир Усмонов ҳаж сафарини адо этиб қайтиб, эзгу ишларини давом эттира бошлади. Бу отахонни қибрайликлар жуда яхши билишади. Унинг елиб-югуришлари билан туманимизнинг Кўприкбоши маҳалласида тайёрлов комбинати барпо этилганди. Ота бу корхонага узоқ йиллар раҳбарлик қилди. Туманимиз худудида ўнлаб савдо, тайёрлов иншоотлари, ишлаб чиқариш цехлари қурганлигини ёши улуғ кишилар яхши билишади. Унинг салкам 45 йиллик меҳнат фаолияти бевосита туманимиз ҳаёти билан боғлиқ. Таъбир жоиз бўлса, отани Ўзбекистондаги тадбиркорликнинг асосчиларидан бири десак асло муболаға бўлмас. Гарчи нуфузли бир ташкилотнинг раҳбари бўлсада, ҳеч қачон оёғини ердан узмади, бировнинг дилини оғритмади. Халққа қайишди, камарбаста бўлди. Ҳозир ҳам вақти-вақти билан туманимизга ташриф буюриб, ҳамкасблари ва шогирдларини, биз каби қадрдонларини йўқлаб туради, ўзи қурган иншоотлар қандай аҳволда, қандай ишлаяпти деб, астойдил қизиқади, кўмак сўраганларга ёрдамини, маслаҳатини аямайди. Эзгулик эзгуликни туғдиради дейдилар. Жаҳонгир Усмонов ҳамон яхши ният билан бошлаган ишларини давом эттирмоқда. У кишини ҳар куни ўша спорт майдонида, ўзларини чиниқтириб, спорт билан ошно бўлиб юрган болалар ўртасида учратасиз. Футбол ишқибози-да. «Умид билан экилган таёқ, бир кун берар меваю япроқ» деганларидек, отанинг меҳнатлари ҳозирдан ўзининг қувончли самараларини бермоқда. Футбол жамоаси мураббийи – тренер Хасан Тошпўлатов ўз касбининг фидойиси бўлиб, Жаҳонгир отанинг бу ишларида кўп йиллардан буён астойидил ёрдам бериб келмоқда. Шунинг учун унинг ёшлар, спортчилар, айниқса футболчилар ва ҳамкасблари ¬– тренерлар орасида обрўси катта. Ушбу майдонда атак-чечак қилиб футбол ўйнашни ўрганган Забихилла Ўринбоев ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон жамоаси таркибида тўп суриб, фахрли иккинчи ўринни олди. 2012 йили Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этди. Бу йил Президент совғаси – “Малибу” автомашинаси билан тақдирланди. – Мамлакатимиз раҳбарлигига Шавкат Миромонович Мирзиёев келиши халқимизнинг бахт-саодати бўлди, ҳали биз бундай чемпионларни кўп етиштирамиз, – дейди фахр билан ҳожи ота. Истиқлол берган неъматларга шукрона айтиб, 90 ёшида ҳам эл-юрт қайғусида яшаётган, Ўзбекистоннинг ёш авлоди соғлом-саломат ўссин, етук спортчи бўлиб етишсин, ўзбек элининг довруғини бутун дунёга ёйсин деган ниятда бутун куч-ғайратини аямаётган пиру бадавлат отахонга ҳавас қилмай бўладими? Носир ТОИРОВ, сиёсатшунос, Қибрай тумани меҳнат фахрийси