Адлия вазирлиги: Тошкентда пропискасиз ишлаш мумкин бўлади
Паспорт тизими ва прописка масалалари бўйича Адлия вазирлиги томонидан муҳим қарорлар лойиҳалари тайёрланган. Бу ҳақда адлия вазирлигининг телеграм каналида маълум қилинди.
Хусусан, лойиҳаларда:
✅ паспорт олиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва бошқа ҳуқуқларни амалга оширишда прописка билан боғлиқ чекловларни бартараф қилиш;
✅ доимий ёки вақтинча пропискасиз (яшаш жойи бўйича ҳисобга турмаган) фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам бериш;
✅вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш;
✅ меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш;
✅ мавсумий ишларга (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда) жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизимини соддалаштириш, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талабини бекор қилиш;
✅ Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар учун кўчмас мулк сотиб олиш бўйича амалдаги талабларни соддалаштириш ✅ Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш;
✅ ички туризмни ривожлантириш мақсадида вақтинча пропискасиз (яшаш жойи бўйича ҳисобга турмасдан) бўлиш муддатини узайтириш;
✅ вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик, яшашга йўл қўйганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириш назарда тутилган.