World News

АЛАМЗАДА… (22 қисм. Иккинчи фасл)

* * *

 

Машина шаҳар кўчалари бўйлаб елдек учиб борарди. Севинчнинг қувончи дунёга сиғмайди. Азоблар вақтинча бўлса-да, унутилгандек ойнадан ташқарига мамнун боқарди. Кўз олдидан отасининг қачонлардир айтган ҳазиломуз сўзлари, эркалашлари, мактуб битишлари-ю, дунёга мағрур боқишлари маржон каби тизилиб ўтарди. У йўл-йўлакай миробга нималар дейишни хаёлига жамларди. «Ишқилиб, йиғлаб юбормайин» дея худодан сабр сўрарди.

Ниҳоят машина секинлаб, ўнгдаги кўчага бурилди. Кўчанинг чапида узундан узун қабристон бор экан. Ўнгига эса қатор маиший хизмат дўконлари қурилибди. Севинч ўтганлар ҳақига дуо ўқиб юзига фотиҳа тортди-да, дўконлар томон бош бурди. Шу маҳал Толиб машинани негадир қабристон ичкарисига ҳайдади. Севинч «Бирор яқин кишисининг қабри бўлса керак. Зиёратга кирмоқчи шекилли»,, деб ўйлади-ю, индамай ўтираверди. Машина оҳиста юриб бориб қабристон ўртасида тўхтади. Толиб миқ этмай пастга тушди ва бошини кафтлари орасига олган кўйи бир нуқтага тикилганча туриб қолди.

— Толиб ака, нега бу ерга кирдик? — сўради Севинч кута-кута тоқати тоқ бўлгач. — Бора қолмаймизми?

— Туш пастга! — буюрди таҳдид аралаш Толиб. — Анқайма, тезроқ туш!

Севинч юраги ғаш торта бошлагандек маъюсланганча пастга тушди.

— Энди ортимдан юр, — деди Толиб олдинга ишора қилиб. — Юр, Севинч! Қўрқмасдан юр!

— Тинчликми? Намунча сирли-сирли ишлар қилаверасиз? Мундай очиғини айтсангиз-чи!

— Борганда биласан. Сен ҳозир юришингни бил!

Улар олдинма кетин қабристон охиригача юриб боришди. Чапроққа кирилган ерда тепасига оқ мармардан ёдгорлик тоши ўрнатилган қабр бор эди. Толиб айни ўша қабр қаршисида тўхтади. Тўхтади-ю, Севинчнинг йўлини тўсмаслик ниятида ўзини нари олди.

Қиз ёдгорлик тошига биркитилган суратни, сурат остидаги ёзувларни кўрди. Кўрди-ю…

Ранги бўзарди. Тили танглайига ёпишгандек бўлди. Нафаси қайта бошлаган каби ҳарсиллай бошлади.

Толиб ҳамон унга ер остидан ўғринча кўз ташлар, лабларини қаттиқ тишлаб олганди. Аммо миқ этмасди. Фақат Севинчни кузатарди.

— Бу… нима? — кўзлари косасидан чиққудек Толибга юзланди. — Мени… Мен тушунмадим. — Севинч шундай деб туриб кутилмаганда қичқириб юборди: — Дадам қани-и-и, ифлос, қани-и-и???

— Ўзингни бос! — Толиб югуриб келди-да, Севинчни маҳкам қучоқлади ва нари судради. Шу орада нарироқда турган икки шотирига «кет» ишорасини қилди. — Бу ер қандай жойлигини унутма, аҳмоқ!

— Қўйвор мени, қўйвор. қотил! Сендан ҳазар қиламан! Йўқол!..

— Бақирма дедим, овсар, бақирма! Қабристонда бақириб бўлмайди-и-и!!!

Толиб куч билан Севинчни анча нарига судраклаб борди-да, мажбуран бетон тўсиқча устига ўтқазди.

— Ўзингни бос, — уни тинчлантиришга тушди Толиб чор атрофга ўғринча кўз ташлаб. — Ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман! Фақат дод солмагин, илтимос!

Энди Севинчнинг дод соладиган ҳоли қолмаганди. Суюкли отасининг қабрини кўргандан сўнг адойи тамом бўлаёзганди. Сиқиб кела бошлаган юрагини чангаллаганча телбаларча бошини у ёндан бу ёнга ташлаб йиғлар, базўр шивирлаб қарғанар, нима қилиб бўлмасин Толибнинг қўлидан халос бўлишга уринарди. Шу тобда бу зўравон кўзига худди аждаҳодек қўрқинчли ва жирканч кўринарди. Кучи етмагани сабабли аламини силтаниш ва қарғишлардан оларди.

— Илоё отинг ўчсин! Отамнинг арвоҳи урсин илойим! Вой-вой-ей-й, энди нима қиламан? Мени ғафлатда қўйиб кетган отам! Ёлғиз қизини кўролмай кетган отам! Сизнинг гуноҳингиз нимайди, жон дада? Нега манави маразлар сизниям бошингизга етди, нега? Нимага худо буларнинг жонини ола қолмайди? Мениям ёнингизга олинг, дада! Бу дунёга сиғмайман сизсиз, сиғмайман! Чақира қолинг мениям!

— Бас қилсанг-чи! Ёш бола бўлмасанг-чи! — Севинчни овутиш пайида бўлди Толиб гўё ҳеч нарса бўлмагандек босиқлик билан. — Намунча дунёга жар солмасанг, ахир? Ё додласанг даданг қайтиб чиқадими гўридан?

Севинч даъфатан ўрнидан турди-да, Толибнинг томоғига чанг солди.

Бундай бўлишини кутмаган эканми, Толиб довдираб қолди. На Севинчнинг қўлларини томоғидан олиб ташлашни, на тек тураверишни билди.

— Топиб бер дадамни, ифлос! — телбанамо хириллаб Толибни қаттиқроқ бўғишга интиларди Севинч. — Қассоб, қотил! Дадажонимни қайтариб бер!

Толиб бир муддат гарангсиб турди-ю, нозик билакларни маҳкам қисиб қолди.

— Чиранаверма ҳадеб! — тобора Севинчнинг билакларини маҳкамроқ сиқиб шивирлади у. — Ҳаддингдан ошаверсанг-чи, сенам дадангнинг ёнига ётасан ҳозир! Ё тушунмадингми?

— Тиқ ўша гўрга! — бўш келмасди Севинч кўзлари ёниб. — Қани, зўрсан-ку! Одамхўрсан-ку! Тиқмайсанми шу гўрга мениям? Нимага қараб турибсан? Қўрқяпсанми? Бўлақол!..

Толиб жавоб ўрнига Севинчни судраклаганча машина қўйилган томонга қараб юрди. Қизнинг қаршиликларига, инграшларига-да қараб ўтирмади. Уни худди бир қоп буюм каби судрай-судрай бориб машинага ўтқазди.

— Мен тушунаман, — деди ўзи ҳам Севинчнинг ёнидан жой олиб машина эшигини ёпгач Толиб. — Сенга осонмас ҳозир. Нима бўлгандаям падарингдан айрилдинг. Худо раҳматига олсин бобойни! Энди менга қара, қулоқ сол, ўзингни қўлга ол, ҳозир ҳаммасини тушунтираман! Кейин… Кейин билганингни қилавер, Севинч! Хуллас, даданг сен кетганингдан кейин жанжал кўтарди. Нуқул «у-у»лаб миямни қотириб ташлади. Индамадим. Қарасам, мелисага отланибди. Нимаймиш, менинг ҳамма кирдикорларимни айтиб қаматармиш. Шундан кейин… Кечира олмадим уни. Чунки менгаям тинчлик керак. Қаёқдаги ногиронни деб…

— Ҳақорат қилма дадамни! — уни силтаб ташлади Севинч. — Ҳ-ҳали кўраман, бир кунмас бир кун ўзингам дадамдан баттар аҳволга тушасан. Ўшанда сени етаклайдиган одамнинг ўзи бўлмайди. Хорланиб ўласан. Худо жонингни олсин, одамхўр! Мен…

Севинч ортиқ сўзлай олмади. Тўсатдан боши айланаётганини ҳис қилди. Сал ўтмай кўнгли айниди. Ўқчиб-ўқчиб, бир неча ўн сониялардан кейин ҳушидан кетди.

 

* * *

 

Севинч Толибнинг уйидагина ўзига келди. Руҳан зўриқиш туфайли ҳолсизланган экан. «Тез ёрдам» врачи керакли уколларни томирига юборгач, кўзини очди. Бироқ қалби ҳануз аза тутарди. Юрагига қил сиғмасди. Айрилиқ алами вужудини кемирарди. Тепасида мағрур нигоҳ ташлаб қўяётган Толибга ҳиссиз разм соларди-ю, хаёлан қарғанарди. Қисматига лаънат ўқирди. Тафаккури фақат шундай кечинмалар билангина банд эди.

Севинч келгуси тақдири хусусида қайғурмасди. Ҳеч нарсани ўйламасди. Ҳатто ғаш тортган, худди қон айланувчи томирлари янглиғ тортишиб бораётган юрак нолаларига қулоқ тутишга бегонадек эди. Толиб унга ҳамдардлик билдириш, дардига шерик бўлиш ўрнига пайтдан унумли фойдаланди. Гўё Севинчни овутиш, зўрма-зўраки таскин бериш баҳонасида сочларини ҳирс билан силай бошлади. Сўнгра юзлари, томоғи остидан ҳарсиллаб-ҳарсиллаб бўсалар олди. Ниҳоят лаблар туташди. Вужудларни чирмаб олган қайноқ туйғулар жунбушга келди. Севинч янада бўшашиб, ихтиёрини буткул Толибга топшириб қўйди…

Орадан бир соат вақт ўтиб, муҳаббатга қонган жисм ниҳоят тафаккурга мажбуран бўйсунди. Севинч анча сергак тортди. Ўйлашга, фикрлашга ўзида куч, тоқат топа билди. Гарчи отадан айрилиш балоси қалбини тарк этмаса-да, зўравонни хоҳишларига бўйсундира олишига амин бўла борди. Унга фақат мулойим, ширин сўзлаш лозимлигини қайта англади. Шу ният кучли келиб, аччиқ хотиралар, алам, нафратнинг йўлини тўсиб қўйиш ҳаракатига тушди. У ўч, интиқом кўчасига фақат тафаккур сўқмоғи орқали кириб бориш мумкинлигини идрок этди.

— Толиб ака, бир илтимосим бориди, — деди кийимларини тўғрилаш асносида зўрма-зўраки жилмайиб Севинч. — Йўқ демайсизми?

Толиб ҳам ўрнидан қўзғалди-да, деразадан ташқарига қаради. Хизматчилар, қўриқчилар ўз юмушлари билан бандлигига ишонч ҳосил қилгач, ортга қайтди.

— Нимани илтимос қилмоқчисан? — сўради у Севинчнинг сочларига қўл юбориб.

Аслида Севинч айни дамда бундан ярим соатча олдинги ўтли туйғуларга аллақачон бегона эди. Яна кўнглини айрилиқ дарди кемира бошлаганди. Аламларини аранг жиловлар, йиғидан базўр тийилар, тафаккурга қулоқ тутган ҳолда тўғри фикрларди. Шунинг учун ўзини босиб олишга, Толибдек бешафқат, каллакесарни ранжитиб қўймасликка, уни ишонтиришга уринди. Бунинг учун ўзини телбанамо қиёфага киритиши шартлигига ақли етди.

— Толиб ака, мениям ишхонангизга оборинг, — деди ясама эркалик билан атайин киприкларини пирпиратиб. — Менам сизга ўхшаб ёмон одамларни қўрқитай!

— Жинни бўлганмисан? — тўнғиллаб берди Толиб. — Балки одам ўлдиришгаям қизиқиб қолгандирсан?

— Ҳа-да, — кулимсираб Толибга яқин борди Севинч. — Биронтасини кўрсатсангиз, ўлдиравераман.

— Қандай қилиб?

— Масалан, қорнига пичоқ тиқиб қочишим мумкин. Рос-саям қаттиқ тиқаман-да пичоқни! Бўғили-иб ўлади ўша одам.

— Менга қара, — Толиб Севинчга совуқ тикилиб, икки юзидан тутди. — Биринчидан, мен каллакесармасман, аксинча ишбилармон бир одамман. Савдогарман десам, тўғрироқ бўлади. Иккинчидан, менинг аёлим ҳеч қачон ишимга аралашмаслиги керак. Уйда ўтириши зарур. Мени хурсанд қилиши шарт.

— Вой, нега? Мениям сиз билан бирга юргим келяпти-и! Хўп дея қоли-инг!

Толиб жавоб ўрнига индамай ташқарига чиқиб кетди. Қалби айрилиқ аламидан адо бўлаёзган Севинч лаб тишлаганча унинг қайтишини кутди. Хаёлига келган тиниқ фикр уни бардош қилишга, орзу, армонлар ушалиши йўлида бардам бўлишга ундади.

Афсуски, бу гал ҳам истаклари саробга айланди чоғи, Толибдан ҳадеганда дарак бўлавермади. Севинч унинг ҳовлида шотирларига нималарнидир уқтирганини кўрди. Кейин… У шошиб кўчага чиқиб кетди. Шотирлардан бири Севинч ўтирган хона томон юрди.

Аммо шотир хонагача кирмади. Ташқаридан эшикни қулфлади-ю, жўнаб қолди.

Севинчнинг юраги ғашликдан тўкилаёзганди. У қандайдир пухта ўйланган ёвузликни ҳис этгандек бўлди.

Югурганча дераза қаршисига борди. Шотир аллақачон дарвозахонага етиб қолибди. Жонҳолатда деразанинг бир қабатини очди-да, шотирга қараб қичқирди:

— Нега эшикни қулфладингиз? Толиб ака қани?

Шотир юришдан тўхтади. Ортга ўгирилиб, дераза қаршисидаги йиғламсирабгина турган Севинчни кўрди ва у томон қадам ташлади.

— Очинг эшикни! — қичқиришда давом этди Севинч титраб. — Ҳақингиз йўқ мени қамашга!

— Синглим, — деди босиқлик билан шотир унга яқин келиб. — Буйруқ шундай бўлди. Толиб ака устингиздан қулфлаб қўйишимни буюрди. Ҳадемай овқат келтиришади қизлар! Хафа бўлманг!..

— Йў-ўқ! — ҳайқирди Севинч жазаваси минг чандон ортиб. — Уйига ўт қўяман, ўт! Отамнинг қотили, каллакесар! Қўйвор мени, қўйвор!

Шотир бу ҳайқириқларга жавобан бош чайқаб қўйди-ю, яна дарвозахонага қайтди.

Севинч эса азбаройи жондан тўйганидан ним қоронғи хонани айланиб чопар, нуқул йиғи аралаш сўзланарди.

— Дада-а-а!!! Мени қутқаринг, дадажон! Мени ўлдиришмоқчи! Қутқари-инг!!!

 

* * *

 

Севинчнинг ҳайқириғига жавобан ҳеч ким хонага кирмади. Сал ўтмай, у кўнгли айний бошлаганини ҳис этди. Ўқчий-ўқчий, ваннахонага чопди. Бироздан сўнг бўшашганча хонага қайтиб чиқди-да, каравотга ўтириб қолди. Шу кўйи бир неча дақиқа бошини чангаллаб ўйга толди. Азбаройи алами келганидан тиззаларини чимдиб-чимдиб олди. Афсуски, бу қилиғи ҳам Севинчга наф бермади. Жони оғригани қолди. Хўрлик зўр келдими, даст ўрнидан турди-да, дераза қаршисига борди ва шивирлаганча Толибни, ҳовлида гўё ҳеч нарса бўлмагандек уёқдан буёққа бориб келаётган хизматчиларни қарғади. Ана шу тобда хаёлига тасодифий фикр келди-ю, бирдан ҳушёр тортди. Қалби жунбушга келди.

— Бу ўтиришинг нимаси? — дея вужудини қитиқлай бошлади қалби. Севинч бу ички овоз замирида отасини тинглаётгандек бўлди. — Ғам чекиш билан ҳеч ким муродга етмаган. Ошхонага ўт, уёқ бегона кўздан панароқ, деразаси томорқа тарафга қараган. Агар омадинг келса, тутқундан халос бўларсан, йўқса, панд ерсан. Таваккал қил. Бу зиндонда адо бўлишинг тайин. Оёққа тур! Шошил!

Севинч даъфатан йиғлашдан, қайғу чекишдан тийилди. Кўзлари аланг-жаланг дераза орқали ҳовлига боқди. Ҳамма ўзи билан ўзи оворалигига амин бўлгач, ошхонага зипиллади. Ҳақиқатан, дераза томорқага қарабди. Ҳар ер ҳар ерига мевали дарахтлар экилган майдон сукунат қўйнида эди.

«Қуриб кетсин, нега шу пайтгача ошхона ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман? — хаёлидан ўтказди Севинч норозиланиб. — Қанча яшаганман шу хосиятсиз уйда. Бирор марта кўз ташламабман-а!.. Дадажон, наҳотки, озод қушга айлансам? Ҳа, агар, ниятимга етсам, ишонинг, шу сафар албатта Толибдан ўч оламан. Сизни гўрга тиққан маразниям ер билан битта қилмагунча тинчимайман. Мана, энди йўқотадиган ҳеч нарсам қолмади. Дар қолсам, куядиганим ҳам йўқ. Хўш, нега қўрқишим керак? Жоним оғришиданми ё оч қолишданми? Нима бўлмасин, сизнинг бадалингизни тўлатсам, аламдан чиқсам, армоним қолмасди. Кейин оёғимни узатардим-у, ёнингизга равона бўлардим. Дадажон, уёқларда энажонимни тинчлантириб туринг. Йиғламасин, куймасин, безовталанмасин! Насиб бўлса, яқин орада уччаламиз бирга бўламиз…»

Севинч бир қарорга келди. Кийимларини тўғрилади-да, эҳтиёт шарт яна бир карра хонага қайтиб, ҳовлини кўздан кечирди. Сўнгра ошхона деразасини очиб, ташқарига сакради.

Вақт тушга яқинлашиб қолганди. Севинч амал-тақал ўзи учун нақ зиндонни эслатувчи ҳовлидан катта кўчага чиқиб олгач, бирпас довдираб қолди. Шаҳар кўчасида одамлар денгиз каби оқарди. Машиналарнинг ғиз-ғизи, чўзиб сигнал уриши қулоқни қоматга келтирай дерди.

Бундай лаҳзаларда нима қиладилар? Қандай йўл тутадилар? Қай томон юрадилар?..

Шундай саволлар миясида ғужғон ўйнагани сари Севинчнинг ваҳимаси баттар ошиб борарди. Аксига олгандек, кўнгил айниши яна қўзғалди. Ўткинчиларнинг эътиборини тортмаслик учун ўқчишни бошлади дегунча йўл четидаги дарахтлар панасига ўзини урди. Кўкси ўқчиш туфайли оғриб-оғриб берганда, тамом бўлай деди.

«Бало келса, ботмонлаб келиши шу экан-да, — ўйлади у жисмидан мажол кета бошлаганини ҳис этиб, оҳиста дарахтга суянаркан. — Бошимдан бало аримай қолди. Отамни, энамни йўқотдим. Қишлоғимдан айрилдим. Севги дедим, бир маразга ишондим, унга суянгим келди. Нима топдим? Мана шу кунимни, ночорлигим, йўқсиллигим, ожизалигимни, холос. Бундан бўлаги мени четлаб ўтди. Энди дардимни ҳеч кимга айта олмайман. Қишлоғимга қайтишга бетим чидамайди. Ҳойнаҳой, гап-сўз қилиб улгуришгандир. Ҳа, буни қишлоқдагилардан кутса бўлади. Бир гапни ўн хил қилиб тарқатишга уста улар. Қанийди, дадажоним қайси қабристонда ётганини билсам-у, ҳозироқ қанот бойлаб учсам! Афсус, эслаб қолмаган эканман. Барибир пулим йўқ. Бора олмасдим. Энди нима қиламан? Қай кўчага юрай? Кимга додимни айтай? Ҳозир мелисалар тутиб олса-чи?..»

Шуларни хаёлидан ўтказди-ю, катта йўл бўйига чиқиб, олдинга юрди. Гарчи қай тарафга юришнинг, қаерга боришнинг аҳамияти бўлмаса-да, қадам ташлаш шарт деб билди. Шу алфозда кетаверди. Бировлар ҳайрат аралаш қараса, ўзини гўё шаҳар томошасига чиққандек тутди. Нимадир демоқчи бўлган кимсаларга энсаси қотган каби лаб бурганча йўлида давом этди.

Каттакон гастрономга етай деганда, толиқиш зўр келиб, таққа тўхтади ва нафас ростлаш илинжида четда турган бетонга чўкмоққа шайланди. Бир маҳал орқадан икки нафар милиционер келиб қолди. Севинч уларни кўрди-ю, тиззалари билинар-билинмас титраб кетгандек бўлди. Аммо иложи борича сир бой бермасликка тиришиб, аста бетонга чўкди.

Милиционерлар эса худди келишиб олгандек унинг тепасида тўхтади. Севинч индамай ўтираверди. «Шундай қилсам, шубҳаланишмайди, сўроққа тутиб ўтиришмайди, бирор гап сўраш ниятида тўхташди чоғи» деб хаёл қилди.

— Синглим, ҳужжатингизни кўриб қўйсак бўладими? — сўради милиционерлардан бири мулойимлик билан. — Агар мумкин бўлса, ўрнингиздан турсангиз девдик!

Севинч инқиллаган кўйи ўрнидан турди ва қошларини чимириб савол назари билан милиционерларга боқди.

— Тушунмадингизми нима деганимни? — сўради ҳужжат сўраган милиционер. — Паспортингизни кўрсатинг!

— Паспортимни нима қиласиз? — саволга савол билан жавоб қайтарди Севинч бўш келмай.

— Шундай чиройли қиз қайси юртданлигини билволмоқчиман, — ярим ҳазил, ярим таҳдид аралаш сўз қотди милиционер. — Ё мумкинмасми?

— Мелисалар бунақа шилқим бўлмасди-ку!? — деди баттарроқ қовоқ уйиб Севинч. — Йўлингиздан қолманг! Мен шаҳар айланишга чиққанман. Паспортим уйда қолган.

Милиционерлар тоқати тоқ бўлиб бир-бирларига маъноли қараб олишди. Кейин эса ёнидагиси гапга аралашди.

— Вей, гапни кўпайтирмагин, синглим! Шошиб турибмиз. Ё биз билан бирга идорага боргинг келяптими?

— Борсам боравераман. Лекин кейин ўзларинг афсус ейсанлар.

— Нима? Нега афсус ерканмиз? Сабаби борми?

Севинч ўйланиб қолди. Аслида Толибни эслатиш ниятида шундай деган бўлса-да, каловланди. Нима дейишни, сўзининг исботини қаёқдан қидиришни билмай гарангсиди.

— Ш-шунчаки… Айтдим-да! — деди таваккал. — Ҳар ҳолда аёл кишига тегажоғлик қилиш…

— Менга қаранг, сингил, — Севинчдан чапда турган новча, ингичка мўйловли милиционер ҳийла ўзини босиб гапиришга тутинди. — Милиция ҳеч қачон аёл кишига тегажоғлик қилмайди. Биз сиздан ҳужжат сўрадик, холос. Кўрсатинг тез!

— Айтдим-ку, паспортим уйда қолган деб! Ишонмасангиз, бошлаб боришим мумкин.

— Шунақами? — милиционерлар бир-бирларига маъноли қараб олишди. Сўнгра новчаси елка қисган бўлиб давом этди. — Биз билан идорага борасиз. Ўша ерда шахсингизни аниқлаймиз.

— Б-бормайман, — қўрқиб кетган Севинч кўзлари олазаракланганча ортга тисланди. — Мен… Касалман.

— Касал бўлсангиз, шифохонага обориб қўямиз кейин. Билиб қўйинг, қаршилик кўрсатсангиз, куч ишлатишга мажбур бўламиз. Бунга ҳақимиз бор.

Шу пайт орқадан паст бўйли, жиккаккина, ўрта яшар эркак юриб келди-да, Севинчга ер остидан қараб қўйиб, таққа тўхтади ва киссасига қўл солиб сурат чиқарди. Суратни терс ўгирилиб обдон кўздан кечирди. Нимагадир ишонч ҳосил қилдими, суратни қайта киссасига жойлади-да, ортга ўгирилиб, Севинчни синчиклаб кузатди. Сўнгра милиционерларнинг бирини нарига етаклади. Қулоғига нималардир деб шивирлади-ю, йўлида давом этди. Милиционер эса дарҳол ортга қайтиб, шеригининг қулоғига нималарнидир шипшитди. Улар ими-жимида Севинчдан узр сўраган бўлишди-да, жўнаб қолишди.

Севинч ҳайрон эди. Шошилмасдан кетиб бораётган эркакнинг ортидан йўл-йўлакай тикиларкан, ҳеч нарсани тушунмасди. Хаёлан «Толибнинг гумашталаридан шекилли. Аммо мени қаерда, қачон кўра қолибди? Уни танимадим-ку!», деганча юриб борарди. Шу кўйи Севинч бир неча ўн метрча йўл босиб, гастроном қаршисига етди. Бу ерда одам янада тумонот эди. Қайтадан кўнгли айниб, ўқчимаслик, бегоналар олдида шарманда бўлмаслик учун ўзини сал четроққа олди. Шу баҳонада энди қандай йўл тутиш, қаерга бориш ҳақида ўйлаб олмоқчи бўлди. Бир маҳал қаердан пайда бўла қолди, билмайди, бояги ўрта яшар эркак рўпарасида ҳозир бўлди. Севинч аниқ кўрган, эркак аллақачон қайсидир кўчага бурилиб кетганди.

«Нима бало, орқамдан думдай эргашиб қолди бу нусха? — кўнглидан кечирди у норозиланиб. — Ким экан ўзи? Толибнинг одами бўлса, шартта келиб айтмайдими? Олиб кетмайдими? Кузатиши, орқамдан кузатиши нимаси?..»

Ҳали ўйлаб ўйлари охирига етмай, эркакнинг ўзи биринчи бўлиб сўз қотди.

— Мен сизни танийман, синглим, — деди у Севинчга сирли тикилиб. — Ҳатто исмингизниям биламан.

— Мени-я? — баттар ажабланди Севинч. — Қаердан танийсиз мени? Кимсиз?

— Бунинг аҳамияти йўқ, — қўл силтаб қўйди эркак. — Сиз Севинчсиз. Ҳозир тўғри Толибникидан келяпсиз. Топдимми?

— Толиб? Кечирасиз-у, мен унақа одамни танимайман. Умуман, бу шаҳарда ҳеч қанақа танишим йўқ. Адашяпсиз.

— Шунақами? — пешонасини тириштириб тескари қаради эркак. — Демак, Севинчлигингизданам тонасиз-а? Тонасизми?

— Мен… — Севинч сир бой бериб қўймаслик илинжида ёлғон тўқишда давом этди. — Менинг исмим Севинчмас. Манзура.

— Хўп, Манзура бўлсангиз, паспортингизни кўрсатинг унда! Мен амин бўлай.

— Нега энди сизга паспорт кўрсатарканман? Мелисамидингиз? Мелиса бўлсангиз, олдин ўзингиз ҳужжатингизни кўрсатинг!

— Ў, жа «шустрий»сиз-ку-а? — совуқ тиржайди эркак. — Ҳужжатимни кўрмоқчимисиз? Афсус, мен сиз билан яхшиликчасига гаплашмоқчийдим, келишмоқчийдим. Тушунмадингиз. Энди…

Эркак жиғибийрон бўлиб икки қадам олдинга ташлади-да, гулзор ортида турган узун бўйли йигитга қичқирди.

— Мавлон, ҳов Мавлон!

Йигит шу заҳоти гулзорни айланиб ўтиб, эркак томон юрди.

— Ҳа, ака, тинчликми? — сўради у етиб келгач. — Бўлдими, иш пишдими?

— Машина қани? Манави қизни олиб кетишимиз керак.

— Нима, кўнмаяптими? Ўзим гаплашиб кўрайми?

— Шартмас, — деди эркак афтини бужмайтириб. — Жа қайсар қиз экан. Менга ишонмаяпти.

— Э, ака, милицияга оборайлик уни! Ювош тортиб қолади. Ҳали бўйнига тушов тушмаган-да!

— Милиция машинасини чақир, — бу гал эркак йигитнинг қулоғига пичирлади. — Агар қаршилик кўрсатса, куч ишлатамиз. Ўша ёққа оборволайлик, тўтидай сайрайди ўзи.

Йигит кетгани ҳамоно эркак Севинчга яқин келиб оғир хўрсинди. Афтидан, қаршисидаги бу қизнинг қочиб қолишга уринмаслигидан бир ҳайрон бўлди, бир қувонди.

— Менга ишонмаганингиз чатоқ бўлди, — деди ниҳоят намойишкорона қулочини кериб. — Мана, энди милиция идорасига боришингизга тўғри келади. Ё буниям истамайсизми?

— Истамайман, — лаб бурди Севинч. — Мен дуч келган эркак билан кетаверадиганларданмасман. Қолаверса, куч ишлатишга ҳақингиз йўқ.

— Эҳ, синглим-а, бекор қиляпсиз-да шуни!.. Майли, шубҳаланмаслигингиз, ортиқча шовқин кўтармаслигингиз учун кимлигимни айтай. Мен махсус хизмат ташкилотида ишлайман. Толибни кузатиш менга топширилган. Сизни учратиб қолганим жуда яхши бўлди. Буёғига мен билан ҳамкорлик қилишингизга тўғри келади. Бош тортсангиз, сотқинликда, ёки жуда бўлмаганда, гиёҳванд моддалар савдосида айблаймиз. Қамалиб кетасиз.

— Мени қўрқитманг, — бўш келмади Севинч ҳам. — Қўрқавериб, пишиб кетганман. Бекорга овора бўласиз?

— Ҳали шунақами? Хў-ўп, ҳозир кўрамиз-да қўрқмаслигингизни!

Бу орада йўл четига милиция машинаси келиб тўхтади-ю, уч чоғли милиционер пастга тушиб улар томон юрди.

Милиционерларни кўриб, Севинч адо бўлаёзганди. Шундагина қаршисидаги эркак оддий одам эмаслигига фаҳми етди. Азбаройи қўрқиб кетганидан аъзойи баданида титроқ турди. Лаблари кўкариб, эркакка умидвор термилди.

— Ҳа, қўрқиб кетдингизми? — сўради эркак милиционерлар билан галма-гал қўл бериб кўришаркан. — Ҳали бу бошланиши. Камерага кириб бир-икки кун ўтиринг, ўшанда кўрамиз. Йигитлар, манави қизни идорангизга олиб бориб қамаб қўйинглар! Гиёҳванд модда билан тутиб олдим.

— Хўп бўлади, ака, қани, юр!

Севинч учун шу тобда милиция ходимларига бўйсунишдан, тақдирга тан беришдан бўлак йўл қолмаганди. Қалби туҳматдан дарз кетса-да, тишни тишга босиб милиционерларнинг олдига тушди. Аммо беихтиёр қайсарлиги тутди. Ўткинчиларнинг эътибори ёрдам беришига, милиционерлар атрофдагилардан чўчишига умид боғлади. Шу боис силтана-силтана қичқира бошлади.

— Қўйворларинг, босқинчилар, қўйвор! Мени судрашга ҳақларинг йўқ! Қўйвормасанг, тегишли ташкилотларга бориб арз қиламан!

— Ҳали шунақами? — милиционерлардан бири жаҳлини босолмай, Севинчнинг билагини маҳкамроқ сиқимлади. — Ҳали биз босқинчи бўлдикми?

У сўзини тугатмай, махсус хизмат вакили ўртага тушди.

— Сен шунчалик ақллимисан? — сўради у қовоқ уйиб. — Бизни, давлат милициясини чалғитмоқчимисан? Бизга туҳмат қилмоқчимисан? Ҳой, қиз, эсингни йиғ, Толибнинг машинасига ўтириб, қўшни давлат чегарасига борганинг, уёқдаги жиноятчилар қўлидан гиёҳванд моддаларни қабул қилиб олганинг, кейин эса ўша суюклигинг сени жиннихонага тиққаниям бизга маълум. Ё бунданам тонасанми? Олиб чиқинг машинага буни!

Мана энди ҳақиқатни эркакнинг ўзи тўкиб солгач, миқ эта олмасди. У аллақачон қаршисидаги совуққон эркак обрўли кимсалардан эканини англаб етганди. Буёғига тақдирга тан беришдан бўлак иложи ҳам йўқ эди.

Севинч юзлари оша оқиб тушаётган кўз ёшларини тиёлмай жимгина милиция машинасига чиқиб ўтирди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Читайте на сайте