World News

Тошкент метрополитенида носозлик важидан яна йўловчилар поезддан тушириб юборилди

Тошкент метрополитенининг “Олмазор” бекатида 20 июнь оқшомида барча йўловчилар поезддан тушириб юборилган.


Метрополитен маъмурияти маълумотига кўра, ҳодиса кеча соат 22:10 да содир бўлган.


Қайд этилишича,  Чилонзор йўналишининг “Олмазор” бекатидан “Бекат-1” томон ҳаракат бошлаган машинист поездда носозликни аниқланган.


“Йўловчиларни ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўловчилар “Олмазор” бекатида туширилган. Носозликни аниқлаш мақсадида ҳаракат таркибидаги поезд электродепога жўнатилган”, дейилган хабарномада метрополитен маъмурияти келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраган.


Сўнгги вақтларда Тошкент метрополитенида поездларнинг тўхтаб қолиши ва йўловчиларнинг тушириб юборилиши тез-тез кузатилмоқда.


Шу йилнинг 11 июнь куни поезд вагонида шубҳали нарса топилгани ортидан йўловчилар "Космонавтлар" бекатида поезддан тушириб юборилган.


24 май куни эса “Ҳамид Олимжон” бекатида ҳайдовчи носозлик аниқланиши муносабати билан поездни тўхтатган ва йўловчиларни туширган. Йўловчилар ортдан келаётган поездга чиқиб, ўз йўлларида давом этганлар. 


13 май куни "Амир Темур хиёбони" бекатида барча йўловчилар тушириб юборилганди.


7 май куни соат 21:10 дан 22:00 гача Тошкент метрополитени Ҳалқа йўлининг 7-бекатида электр энергияси ўчиб қолганди.

Читайте на сайте