Навоийдаги оилаларнинг боғчага бўлган эҳтиёжи 100 фоизга тўлиқ қопланади
Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев навоийлик сайловчилар билан учрашувда таълимга оид режалар ҳақида маълумот берди.
“Келгуси етти йилда вилоятдаги оилаларнинг мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжи 100 фоизга тўлиқ қопланади (ҳозирда қамров 82 фоиз).
Шу мақсадда, вилоятдаги барча маҳаллаларда жами 310 та давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилади. Бунга барча манбалар ҳисобидан 1,5 триллион сўм йўналтирилади.
Бундан ташқари, 2030 йилга қадар янги мактаблар барпо этиш ва мавжудларининг қувватини ошириш ҳисобига, қўшимча 40 минг ўқувчи ўрни яратилади.
Натижада, вилоятда 30 нафардан кўп бола таълим оладиган бирорта синф қолмайди (ҳозирда бундай синфлар сони 1 минг 200 та).
Вилоятдаги барча мактаблар замонавий компьютер синфлари ва ўқув лабораториялари билан таъминланади.
Навоийнинг иқлимини ҳисобга олган ҳолда, барча боғча ва мактаблар фильтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади”, – деди номзод.