Слот «Фулҳэм» билан дурангдан кейин очколар йўқотилишини тан олди
«Ливерпул» бош мураббийи Арне Слот АПЛнинг 20-турида «Фулҳэм»га қарши 2:2 ҳисобидаги дурангдан сўнг фикр билдирди. Мутахассис учрашувнинг ҳал қилувчи паллаларда йўл қўйилган хатолар яна муҳим очколар бой берилишига олиб келганини таъкидлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Нидерландиялик мураббийга кўра, рақиб ўзининг кам сонли имкониятларидан унумли фойдаланган. Мерсисайд жамоасида эса барқарорлик ва совуққонлик етишмади.
«Жуда кўп очкони бой беряпмиз ва бу, албатта, ранжитади. Уларнинг илк имконияти гол билан якунланди — бу биринчи марта эмас. Ҳар сафар нимадир етишмаяпти, омад ва омадсизликка ҳаддан ташқари боғланиб қоляпмиз. Олдинга қадам ташлаб, ўйин охиридаги бундай зарбалар энди очко йўқотишига сабаб бўлмаслиги керак», — деди Слот.
Ҳозирда «Ливерпул» 34 очко жамғарган ва АПЛ турнир жадвалида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.