Канчельскис 2026 йилги мундиалда жамоалар кўпайишига қарши
Россия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Андрей Канчельскис «Евро-Футбол.Ру» нашрига берган интервьюсида 2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан ўз фикрларини билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Унинг таъкидлашича, бу сафар мундиалда жамоалар сонининг ҳаддан ташқари кўпайиши турнир сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Канчельскис мисол тариқасида Испания ёки Германия каби грандларнинг Курасао сингари рақибларни йирик ҳисобда енгиши эҳтимоли юқорилигини, бундай ўйинлар эса мухлислар учун унчалик қизиқ бўлмаслигини айтди. Собиқ футболчи жамоалар сони ошиши интрига ва кутилмаган натижаларни камайтириб юборишидан хавотирда.
2026 йилги жаҳон чемпионати АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлигида ўтказилади. Турнир 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтади ва унда рекорд даражадаги — 48 та терма жамоа қатнашади.