Жезуш Роналдуни навбатдаги ўйинда дам олдиради
“Ал-Наср” бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналдунинг яқинлашиб келаётган учрашувни ўтказиб юборишига изоҳ берди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Чоршанба куни Ар-Риёд клуби ОФК Чемпионлар лигаси доирасида “Аркадаг”га қарши майдонга тушади. Португалиялик юлдуз ҳужумчи бойкотдан кейин тез орада сафга қайтиши кутилаётганди, бироқ бу галги баҳсда ҳам у таркибда бўлмайди.
“Зич тақвим сабаб Роналдуга ва асосий таркибдаги бошқа футболчиларга дам беришга қарор қилдик. Олдинда “Ал-Фатеҳ”га қарши жуда муҳим ўйин бор”, — дея Жезушнинг сўзларини Al Nassr Zone келтиради.
Мураббий, шунингдек, Роналдунинг дам олиши янгилик эмаслигини таъкидлади: бу Саудия Арабистонидан ташқарида ўтадиган учрашувларда у илк бор четда қолаётгани эмас.
Саудия чемпионатидаги “Ал-Фатеҳ” — “Ал-Наср” учрашуви 14-февраль, шанба куни бўлиб ўтади.