Слуцкий бошқарувидаги «Shanghai» сўнгги турда мағлуб бўлди
Осиё Чемпионлар лигасида «Shanghai Shenhua» етти турдан кейин плей-оффга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлганди. 8-турда «Buriram United»га қарши баҳс Леонид Слуцкий шогирдлари учун турнир билан хайрлашиш олдидан сўнгги имконият — ҳеч бўлмаса муносиб якун ясаш эди, бироқ бунга эришилмади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашувда тайланд клуби 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. «Buriram United» биринчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларидайоқ икки бор аниқ зарба йўллади: 11-дақиқада Гуд Коʼртис, 22-дақиқада эса Супханат Муеанта гол муаллифига айланди. Тез орада «Shanghai Shenhua» бир футболчига камайиб қолгач, ўйиндаги интрига деярли сўнди.
Маълумот учун, Леонид Слуцкийнинг «Shanghai Shenhua» билан амалдаги шартномаси 2027 йил якунигача мўлжалланган.