World News in Uzbek

Ноқонуний қум-шағал ташиганлар жазога тортилади

Кейинги вақтларда сув объектларини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини ўтказиш кўринишида амалга ошириладиган қум-шағал материалларини назоратсиз қазиб олиш ҳолатлари кўпайган.

Айтилишича, ушбу фаолият дарё тубларининг ювилиб кетишига, қирғоқларнинг ўпирилишига сабаб бўлади. Бу, ўз навбатида, фавқулодда вазиятлар юзага келиши ҳамда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мулкига, шунингдек, атроф табиий муҳитга зарар етишига олиб келади.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга ошириш бўйича 58 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 9 885 150 сўм миқдорида маъмурий жарималар солиниб, ундириб олинган.

Юзага келган вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, мазкур соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 сентябрь куни “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Эндиликда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари фақатгина тошқин сувлари ва сел оқимларини ўтказиб юборишнинг имкониятсизлиги билан боғлиқ салбий оқибатларини олдини олиш мақсадида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вилоятдаги хўжалик юритувчи ва тадбиркорлик субъектлари раҳбарларини юқоридаги қарор талабларига кўра эндиликда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлашни алоҳида лицензия асосида амалга оширилишини ҳамда қазилмаларни қазиб олиш тартибини бузганлик учун маъмурий жарима ва маъмурий хуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёларни мусодара қилишгача бўлган жавобгарликни кучайтирилганлиги тўгърисида огоҳлантиради.

Читайте на сайте