World News in Uzbek

Энг ёмон китоблар антирекорд лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги аҳолини, айниқса, ёш авлод вакилларини ёмондан яхшини ажратиб олишлари, бўлар-бўлмас, сийқаси чиқиб кетган сюжетлар асосига қурилган, ўқувчининг вақтини ўғирлайдиган китоблардан огоҳлантириш мақсадида “Энг ёмон китоб” – антирекорд лойиҳасини эълон қилди.

Унда айтилишича, бундай китоблар рўйхатига асосан қуйидаги камчилик ва нуқсонларга эга китоблар киритилиши лозим:

- мазмуни саёз;

- тили қашшоқ;

- матнда ўзбек адабий тили (имло ва мантиқ) қоидалари бузилган;

- сўзларнинг қурилиши ғализ;

- асар сюжетининг сийқалиги;

- асар бадииятининг ночорлиги, муаллифнинг маҳоратсизлиги;

- китобнинг ўқувчига маънавий озуқа бермаслиги;

- муқова ва бошқа саҳифаларда миллийликдан умуман йироқ, ёшлар тарбиясини бузадиган суратларнинг берилиши;

- китобда беҳаё саҳналарнинг бепарда тасвирлангани ва ҳоказолар.

“Энг ёмон китоб” – антирекорд лойиҳасида номлари энг кўп тилга олинган китоблар Агентликнинг ўз сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида бериб борилади. Қолаверса, бундай китобларга “Муштум” журнали ва “Ҳуррият” газетасида танқидий тақризлар, пародия ва фельетонлар ёзилади.

Читайте на сайте