World News in Uzbek

Синдаров шахмат бўйича халқаро спорт устаси бўлди

Туркияда бўлиб ўтган Халқаро шахмат федерациясининг 88 –когрессида (ФИДЕ) Жавоҳир Синдаровга шахмат бўйича халқаро шахмат устаси унвони берилди. Ушбу муносабат билан 12 ёшли шахматчи Президент Шавкат Мирзиёевдан табрик ва совға олди.

Бугун юртимиз спортчилари нуфузли спорт анжуманларида – жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида юқори натижаларга эришиб, Ватанимиз довруғини бутун дунёга тараннум этмоқда.

Буни ёш шахматчимиз Жавоҳир Синдоров мисолида ҳам кўриш мумкин. Тўрт ярим ёшидан шахмат билан мунтазам шуғулланиб келаётган Жавоҳирнинг эришган ютуқларига жаҳоннинг етакчи шахматчилари ҳам ҳавас қилади. У 2012 йил Ҳиндистонда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлди. 2013 йил Эронда шахмат бўйича 18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритди.

2014 йил Грецияда мактаб ўқувчилари ўртасида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Жавоҳир Синдоров бирйўла иккита олтин медални қўлга киритди. Бразилияда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ҳам олтин медалга сазовор бўлди. 2015 йил Таиланднинг Паттайя шаҳрида шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида яна шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. 2016 йил Россияда ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида кумуш медаль билан тақдирланди.

2017 йилги спорт мавсуми ҳам шахматчимиз учун муваффақиятли бўлмоқда. Жавоҳир апрель ойида пойтахтимизда шахмат бўйича 8-18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида иккита олтин медални қўлга киритди.

Читайте на сайте