Фуқаролар мурожаати эътиборсиз қолмайди
Ҳар бир шахснинг бевосита ўзи ёки бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларга ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи Конституциямизнинг 35-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда
Юртимизда ҳуқуқбузарликларни олдини олишнинг институционал асослари шакллантирилган. Шунингдек, профилактика билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.
«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонун ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари, принциплари, турлари, профилактикани амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар, уларнинг ваколатлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини ўзида мужассамлаштирган.
Тошкент шаҳар Олмазор тумани ички ишлар бошқармаси 13 – сонли ички ишлар бўлими ҳам бу соҳада самарали фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, ҳудудий профилактика инспекторлари ва фуқаролар йиғинларининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси жамоат тартибини сақлашнинг асосий механизмлари сифатида туну кун меҳнат қилмоқда.
Туманда жойлашган ҳар бир ички ишлар бўлимларида ҳар ҳафта шанба кунлари «Ҳуқуқий ахборот» куни ўтказилиши анъанага айланди.