Тошкент вилояти ҳокимлиги Россиянинг Татаристон Республикаси билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Жорий йилнинг 5-8 декабрь кунлари Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари О. Рустамов бошчилигидаги делегация Татаристон Республикасида хизмат сафарида бўлиб, таълим, муҳандислик, қурилиш, уй-жой-коммунал хизматлари, соғлиқни сақлаш, ахборот, маданият, сайёҳлик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштириш, ишбилармон доиралар вакилларининг қўшимча ташрифларини ташкил этиш ҳамда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.
Хусусан, Тошкент вилояти ҳокимлиги Қозон миллий тадқиқот технологик ҳамда Қозон федерал университетлари билан ўқув-илмий, ижтимоий-маданий ва иқтисодий соҳаларда ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида келишиб олдилар.
Янгийўл шаҳар ҳокимлиги билан Қозон миллий тадқиқот технологик университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишув Янгийўл шаҳридаги “Биохим” акциядорлик жамиятига юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш имкониятларини кенгайтиради.
Шунингдек, Тошкент вилояти Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ҳамда “Сувоқава” давлат унитар корхонаси билан Қозон давлат архитектура-қурилиш университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар ўзаро ахборот ва тажриба алмашиш билан бир қаторда илмий-тадқиқот дастурлари ҳамда лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.
Ташриф натижалари бўйича жами 18 та икки томонлама ҳужжатлар имзоланиб, уларнинг ижросини таъминлаш ва шу орқали Тошкент вилояти ҳамда Татаристон Республикаси ўртасидаги алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар режаси ижрога қаратилди.