World News in Uzbek

Хитойлик қиморбоз қарзларини тўлаш учун ёлғиз, бир яшар ўғлини сотиб юборди…

Хитойнинг Гуйчжоу вилоятига қарашли Гуйян шаҳрида яшовчи ҳеч қаерда ишламайдиган, исми-шарифи тергов манфаатларини кўзлаб сир тутилган эркак интернет орқали қимор ўйнашга муккасидан кетганди. Ютқаза-ютқаза қарзлари 60 минг юандан ошиб кетди. Қарзларидан қутулиш учун эса бир яшар ўғилчасини фарзанд кўрмаган эр-хотинга шунча пулга сотиб юборди. Эркак ўғилчасини хотинига сездирмай, уйдан ўғирлаб чиқди-да, йўлга тушди. Деярли 2 минг километр йўл босиб, ўша эр-хотинга ўғлини топшириб, пулларни олди. Кейин эса хотинини алдашга ўтди. Ўғилчаси бобосиникида маълум вақт юриб туришини айтиб хотинини тинчлантирди. Ҳар гал суриштирганда, турли баҳоналар ўйлаб топаверди. Шундай алдовлар билан орадан уч ой ўтиб кетди. Аёл кўнгли ғашланиб қайнотасиникига борди. Лекин ўғилчаси у ерда йўқ эди. Шоша-пиша эрининг телефонини текширишга тушди ва ўша ерда харидорлар билан амалга оширган ёзишмаларини кўриб қолди. Аммо эри жуфтакни ростлаб улгурганди. Сира ўйлаб ўтирмай, полицияга хабар берди. Кўп ўтмай, болакайни топишди ва онасининг қўлига топширишди. Болафуруш эса барибир қўлга тушди. Энди уни одам савдосида айблашмоқда.

Читайте на сайте