Давлат хавфсизлик хизмати тўрт нафар ўзбек боласини Афғонистондан ватанга қайтарди…
Уларнинг ота-онаси террорчи бўлган. Отаси жангларда ҳалок бўлган, онаси эса оғир хасталик туфайли ўлим топган. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, барча болаларнинг ота-онаси дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» жангари каллакесарлар гуруҳи аъзолари ҳисобланган.
Уларнинг бири Андижон вилоятида 1982 йили таваллуд топган Фарҳод Ҳамроқулов эди. Россияга пул топиш учун кетган. Кейинчалик хотини Раъно (1984) болалари Бибиойша (2003), Осиёхон (2009), Шерзодбек (2005) ларни олиб эрининг ёнига борган. 2012 йил мартида Фарҳод Ҳамроқулов хотин-бола-чақасини олиб Озарбайжон ва Эрон орқали Покистонга борган. Ўша ерда эр-хотин дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» жангари каллакесарлар гуруҳига аъзо бўлиб кирган.
Ўша йил августида Фарҳод Покистон ҳукумат армияси билан жангари каллакесарлар ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувларда ҳалок бўлган. Уч боласи билан бева бўлиб қолган хотини Раъно эса 2013 йили жангарилар гуруҳи аъзоларидан бирига турмушга чиққан. 2014 йили улар Афғонистонга кўчиб ўтишган. Ўша ерда қизи Райёна дунёга келган. 2018 йили Раъно Ҳамроқулова оғир хасталик туфайли оламдан ўтган.
Давлат хавфсизлик хизмати вакилларининг саъй-ҳаракатлари натижасида марҳум террорчиларнинг икки боласи Осиё ва Райёналарни ватанга қайтаришди ва Раънонинг ота-онаси ихтиёрига топширишди. Шу йил май ойида Раъно Ҳамроқулованинг онаси Кимёхон Жакбарова Давлат хавфсизлик хизматига мурожаат этиб, афғон тупроғида қолиб кетган икки набирасини ҳам ватанга олиб келишда ёрдам кўрсатишларини сўради. Аёлнинг илтимоси қондирилди. Раъно ва Фарҳоднинг Афғонистонда қолиб кетган икки боласи Бибиойша, Шерзодбеклар ҳам эсон-омон Ўзбекистонга олиб келинди. Уларни ҳам Андижондаги қондошлари қўлига топширишди.