World News in Uzbek

Машиналар нархи пасайишига умид борми? Депутатлар “UzAuto Motors” устидан бош прокурор ва Коррупцияга қарши кураш агентлиги директорига сўров киритди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 6 нафар депутати бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурхоновга депутатлик сўрови юборди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилмоқда.

“Бир гуруҳ депутатлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ваколат доирасида “UZAUTOMOTORS” АЖда ўтказилган текширув якунлари бўйича олинган маълумот ва ҳужжатларда қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши, коррупцион ҳолатлар ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига путур етказиш каби аломатлар кўринаётганлиги сабабли мазкур масалани алоҳида ўрганиб, жиноят аломатлари бор ёки йўқлиги юзасидан ҳуқуқий бахо бериш ва ваколат доирасида чоралар кўриш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорига депутатлик сўрови киритишди”, дейилади хабарда.

Сўровни парламент аъзоларидан Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев, Нодир Жумаев, Бекмирза Эшмурзаев, Зафар Жалолов ва Анвархон Темиров имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси хулосасига кўра, монополист компания «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларини бузган. Шу боисдан Монополияга қарши кураш қўмитаси автомобиллар нархини русуми ва модификациясига қараб 3 миллион сўмдан 15,7 млн сўмгача камайтириш талабини қўйган эди.

Унга жавобан “UzAuto Motors” бу айбловни рад этди ва қарор устидан судга шикоят қилишини билдириб, нархларни пасайтирмаслигини эълон қилди.

Читайте на сайте