World News in Uzbek

Болалардаги асабийлик ва бош айланиши камқонлик аломатими?

Камқонлик — дунё миқёсида мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар орасида энг кўп учрайдиган хасталиклардан бири. Юртимизда бу касаллик кичик ёшдаги ўғил-қизлар орасида ҳам учрайди.

 

Хўш, бунинг сабаблари нимада?

 

— Кундалик истеъмол маҳсулотларида керакли витамин ва озуқаларнинг етишмаслиги, экологиянинг ёмонлашуви кўплаб хасталиклар қатори камқонликни ҳам келтириб чиқаради, — дейди тиббиёт фанлари доктори Азиза Маҳмудова.

 

— Янги туғилган чақалоқларда анемия ҳомиладорлик давридаги муаммолар — қон кетиш, ҳомиланинг тушиш хавфи, онадаги юқумли касалликлар туфайли юзага келади. Қолаверса, эрта туғилган болаларда ҳам бу хасталик кўп кузатилади.

 

– Ушбу дард билан оғриган болалар юқумли касалликларга тез чалинади. Оқибатда уларда камҳаракатлик, чарчоқ, уйқучанлик, иштаҳасизлик ҳамда вазн етишмаслиги кузатилади. Тери оқариб, тирноқлар ва сочлар мўртлашади.

 

– Тил яллиғланиб, оғиз атрофида юзаки яралар пайдо бўлади. Асаб тизими фаолияти бузилади, тез-тез бош айланиши, оғриши, қулоқларда шовқин кузатилади. 1 ёшгача бўлган ва оғир камқонликка чалинган гўдаклар ривожланишда анча ортда қолади.

 

– Бундан ташқари, асабийлик, бўр ёки кесак ейиш ҳам камқонликнинг асосий белгиларидир. Оғир ҳолатларда эса ҳушдан кетиш, тахикардия, нафас қисиши кузатилиши мумкин.

 

– Касалликка ташхис қўйишда, аввало, педиатр-шифокор кўригидан ўтиш лозим. Қолаверса, анемияни аниқлаш учун гастроэнтеролог, нефролог, аллерголог, гематолог ва бошқа тор доирадаги мутахассислар текшируви ҳам талаб этилиши мумкин.

 

– Шунингдек, камқонликни даволаш учун, аввало, ёш болалар, мактаб ёшидаги ўғил-қизлар таомномаси ва кунлик тартибини қайта кўриб чиқиш керак. Бемор бола кўпроқ тоза ҳавода сайр қилиши, ўртача жисмоний фаолият билан шуғулланиши, бир вақтда ухлаб, бир вақтда уйғониши тавсия этилади.

 

– Анемияга чалинган болалар рационида темирга бой маҳсулотлар – қизил гўшт, ловия, нўхат, қорабуғдой унидан тайёрланган нон, қўзиқорин, қуритилган мевалар ва кўкатлар бўлиши керак.

 

– С ва B12 витаминларига бой маҳсулотлар (булғор қалампири, брокколи, цитрус мевалар, балиқ, яшил баргли сабзавотлар) ҳам касалликнинг олдини олишда жуда муҳим. Боиси бу витаминларсиз темир қонга сўрилмайди.

 

– Агар болада жиддий камқонлик кузатилса, шифокор томонидан зарур дори-дармонлар тайинланади.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

Читайте на 123ru.net