World News in Uzbek

Абдуқодир Ҳусановга хушхабар!

Абдуқодир Ҳусановга хушхабар!
Франция чемпионатининг 22-турида “Ланс” футболчилари сафарда “Реймс” жамоаси билан куч синашиб, рақиб майдонида 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.

Аслида Франк Хейз шогирдлари ғалабани кўзлаб майдонга тушганди. Жамоа уч очкони қўлга киритганида кучли бешликка кириб оларди. Лансликлар бир очко билан кифояланганига қарамай, Еврокубокларга йўлланма берувчи ўринларга даъвогарлик қилишда давом этмоқда.

“Ланс” фаолиятини атрофлича ёритиб келаётган lensois.com сайти ҳар бир турда жамоанинг энг яхши ўйинчисини аниқлаш учун ўзига хос сўровнома ташкил қилади. Мухлислар ўйин тугаши билан эртаси куни соат 9:00 гача овоз бериш йўли билан энг фаол футболчини аниқлайди.

“Реймс” ва “Ланс” ўртасидаги ўйиндан кейин ташкил этилган сўровнома натижасига кўра, мазкур учрашувнинг энг яхши футболчиси номига Абдуқодир Ҳусанов сазовор бўлди.

Легионеримиз декабрь ойида Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақиртирилганидан бери “Ланс” унинг хизматларидан фойдалана олмаётган эди. Ниҳоят, мураббийлар штаби “Реймс”га қарши баҳсда ўзбек ҳимоячисини бошланғич таркибда майдонга туширди.

Франция чемпионатидаги еттинчи учрашувида иштирок этган Абдуқодир Ҳусанов анча фаол ўйнади. Сўровнома якунида Ҳусанов энг кўп овоз тўплади ва биринчи ўринга лойиқ кўрилди.

Натижалар қуйидагича кўриниш олди:
Абдуқодир Ҳусанов: 46,22%
Пшемислав Франковски: 20,52%
Уэсли Саид: 18,14%
Факундо Медина: 3,46%
Кевин Дансо: 3,02%
Брис Самба: 2, 81%
Бошқалар: ҳар бири 2 фоиздан кам.

Нуфузли манба – lensois.com экспертлари сўровнома натижасини қуйидагича изоҳлади:
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор ўзини кўрсата олди. Уч ҳимоячи билан ўйналган беллашувда ўнг томонда Жонатан Градит ўрнини айнан Ҳусанов эгаллаган эди. Яккакурашларда ишончли ўйнаган, садоқат билан тўп тепган ўзбек футболчиси бу гал ҳам юқори даражада ҳаракат қилди.

Европа лигасида “Фрайбург” билан бўладиган жавоб ўйинида Кевин Дансо дисквалификация туфайли иштирок этмаслиги аниқ. Бу ҳолатда Абдуқодир Ҳусанов уч кишилик ҳимоя марказида муаммолар ечими бўла оладими? Бу қўлласа бўладиган вариант
, - деб ёзди lensois.com эксперти Клемент Куртуа.

Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига франциялик мухлисларнинг Абдуқодир Ҳусанов ҳақидаги фикр мулоҳазаларини ҳам ҳавола этади.

Dael87: Ҳусанов йилни ҳақиқий профессионал сифатида бошлади. Келаётган ёзда фаолияти ўзгариб кетиши мумкин.

Bakapleur: Ёш бўлишига қарамай, Ҳусановнинг салоҳияти қанчалар юқори эканига бир қаранг!

Guti: Менга Абдуқодир Ҳусанов жуда ёқади. У тезкор ва бақувват футболчи. Мен унинг майдонда кўпроқ ўйнашини тарафдориман.

Chtilens62: Ҳусанов ҳақиқатан учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди.

Kingof: Абдуқодир Ҳусанов “Ланс” сафида жуда яхши ўйин кўрсатди. У бошқаларга яхшигина ўрнак бўла олади.

Ricou62: Ҳусановни ўйнатиш орқали бош мураббий Франк Хейз “Фрайбург” билан бўладиган ўйинга тайёргарлик кўряпти.

Читайте на 123ru.net