World News in Uzbek

Италияда қишки трансфер бозори очилди: Элдор Шомуродов қайси жамоага ўтади?

Италияда қишки трансфер бозори очилди ва 2 февралга қадар давом этади. А Серия клублари бир ой давомида ўз таркибларини тартибга солиб олишга ҳаракат қилади.

Жумладан, тажрибали мутахассис Клаудио Раньери бошқарувидаги “Рома”да ҳам бир неча ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. “Бўрилар” сафини тарк этиши ойдинлашиб бораётган ўйинчилардан бири Элдор Шомуродов ҳисобланади.

Италия футболини ёритиб келаётган манбалар, хусусан, romaforever.it портали эксперти Лука Мугнайоли Рим клубининг трансфер сиёсати ва Элдор Шомуродов келажаги бўйича қуйидаги маълумотларни маълум қилди.

- Элдор Шомуродов аввалига ижарага ўтиб, мавсум якунланганидан кейин бошқа клубга тўлиқ трансфер қилиниши кутилмоқда. “Рома” эса, олдинги чизиқда Артём Довбик билан рақобатлаша оладиган ва зарур вақтда у билан бирга ўйнай оладиган марказий ҳужумчи қидиряпти.

Ҳозирча, пойтахтликлар Элдор Шомуродов ўрнига “Эвертон”дан Бето ва “Наполи”дан Жакомо Расподорини олиб келиш бўйича режаларини амалга оширишга бел боғлаган
, - деб ёзмоқда. romaforever.it портали эксперти Лука Мугнайоли.

Элдор Шомуродов даражасидаги ҳужумчи “Рома”га керак бўлмай қолганига қарамай, унинг харидорлари сафи кенгайиб бормоқда. Сўнгги маълумотларда айлатилишича, А Сериянинг тўрт клуби 29 ёшли ўзбек футболчисини ўз сафига чорламоқда.

“Кальяри”

Сардиния клуби Элдор Шомуродовни ўтган йили жамоани юқори лигада олиб қолишга қўшган ҳиссасини инобатга олиб, бу мавсум ҳам уни ортга қайтармоқчи. Аслида “Кальяри” Шомуродовни ёзда тўлиқ трансфер қилмоқчи бўлганди. “Рома” сўраган нарх уларга оғирлик қилди.

Бу гал ҳам лигадаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган сардинияликлар олдинги чизиқда муаммоларга дуч келмоқда ва бу ҳолатни ўзбек футболчиси ёрдамида ҳал қилишга уриниб кўради.

“Эмполи”

Жорий чемпионатда “Эмполи” дарвозасига биринчи голни айнан Элдор Шомуродов урди. Бу гол римликлар учун ҳам мавсумдаги илк киритилган тўп бўлди. Гол ўзбек ҳужумчиси учун асосий таркибга йўл очиб бергани йўқ.

Лекин “Эмполи” Элдорга ўйин амалиёти беришга тайёр. Бу жамоа ёзда “Рома”дан норвегиялик ҳужумчи Ола Сольбаккенни олганди. Улар пойтахт клуби билан айнан шу ҳамкорликни давом эттириб бу гал Элдор Шомуродовни беришни сўраяпти.

“Комо”

Яқин ўтмишнинг машҳур юлдузи Сеск Фабрегас бош мураббийлик қилаётган “Комо” анчадан бери Шомуродовга қизиқиш билдириб келмоқда. Фабрегас А Серия дебютанти сафига Пепе Рейна, Альберто Доссена, Рафаэль Варан, Серхи Роберто, Нико Пас, Семоне Верди, Патрик Кутроне ва “Рома”нинг собиқ ҳужумчиси Андреа Белотти каби номдор юлдузларни қўшиб олишга муваффақ бўлди.

Бироқ жамоа ҳужум чизиғидан ўрин олган ўйинчилар орасида Кутронедан бошқаси ишончни оқлай олмаяпти. Фабрегас чемпионатнинг иккинчи ярмига тайёргарликни олдинги чизиқни кучайтиришдан бошламоқчи.

“Венеция”

Харидорлар қаторига қўшилган “Венеция” яқинда “Наполи”дан ҳужумчи Адессио Зербинани олди. Шунга қарамай, венецияликларга Элдор Шомуродов керак. Бу жамоани ўзбек легионерининг олдинги чизиқда бир неча позицияда ўйнай олиши, қанотлардан ҳам ҳужум уюштириш имконияти кенглиги, бир сўз билан айтганда универсаллиги жиддий қизиқтириб қўйган.

Таъкидлаш жоизки, бу мавсум ўртасида Элдор Шомуродовнинг трансфермаркт порталидаги нархи бир миллионга арзонлаб 4 миллион еврога тушди.

“Рома” раҳбарияти январь ойида бирор ўйинчини тўлиқ сотиб юбориш қийинлигини яхши билади. Шуни инобатга олганда, пойтахтликлар Раньери режасига киритилмаган футболчиларни, хусусан, Элдор Шомуродовни ҳам кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи ёки мажбурияти билан мавсум охирига қадар ижарага беришга тайёр.

Читайте на 123ru.net