World News in Uzbek

U-23 Осиё Кубогида биринчи ярим финалчи маълум бўлди

U-23 Осиё Кубоги чорак финал баҳсларидан яна бири — Япония ва Иордания ўртасидаги тўқнашув ҳам ўз интиқлик даражасини охиригача ушлаб турди. Асосий вақтда ҳам, қўшимча таймларда ҳам ғолиб аниқланмади — жамоалар 1:1 ҳисобида дуранг қайд этишди. Охир-оқибат, тақдирни пенальтилар серияси ҳал қилди ва бу “лотерея”да омад “самурайлар” томонида бўлди.

Учрашувда ҳисоб 30-дақиқада Иорданиянинг фойдасига очилди: Азаизеҳ аниқ зарба билан жамоасини олдинга олиб чиқди. Бироқ Япония иккинчи бўлимда босимни ошириб, 50-дақиқада Фуруянинг голи эвазига мувозанатни тиклади. Кейинги дақиқаларда ҳар икки жамоада ҳам имкониятлар бўлди, аммо ҳал қилувчи зарба етишмади — ҳисоб ўзгаришсиз қолди.

Қўшимча таймларда ҳам ўйин қизиб кетди: Иордания интизомли ҳимояланди, Япония эса ғалаба голини излади. Лекин натижа яна ўша — 1:1. Шундан кейин пенальтилар сериясида японлар ўзига хос хотиржамлик ва аниқлик кўрсатиб, 4:2 ҳисобида устун келди.

Қизиқ жиҳати — ушбу баҳсда ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси фаолият юритди. Асосий ҳакам сифатида Аскер Нажафалиев ишлаган бўлса, қанотларда Руслан Серазитдинов ва Бахтиёрхўжа Шавкатов унга кўмаклашди. VAR вазифасини эса Фирдавс Норсафаров бажарди. Бир сўз билан айтганда, майдонда нафақат жамоалар, балки ҳакамларимиз ҳам халқаро майдонда ўз имзосини қолдирди.

U-23 Осиё Кубоги
Чорак финал
Япония – Иордания 1:1 (4:2 – пенальтилар бўйича)
Голлар: Фуруя 50' – Азаизеҳ 30'

Читайте на сайте