Дербида тўлиқ ўйнаган Абдуқодир Ҳусанов қандай статистика қайд этди?
Англия Премьер-лигасининг 22-туридан ўрин олган “Манчестер Юнайтед” — “Манчестер Сити” тўқнашуви “қизил иблислар”нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Учрашувдаги голлар 65-дақиқада Брян Мбуемо, 76-дақиқада эса Патрик Доргу томонидан киритилди. Манчестер дербисида ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов майдонда тўлиқ ҳаракат қилди.
Беллашув давомида ўзбек ҳимоячиси асосан орқа чизиқда катта иш бажарди ва бир қатор муҳим кўрсаткичларни қайд этди. Хусусан, у жамоасининг қурилиш пасларида анча ишончли ҳаракат қилди: 81 та узатманинг 76 таси манзилга аниқ етиб борди (94%). Ҳимояда эса Ҳусанов 2 марта тўпни рақибдан тортиб олди.
Шунингдек, у хавфли вазиятларда 9 марта тўпни узоқлаштириб, ҳужумларни “совутиш”да жамоасига ёрдам берди. Бош билан тўпни четлаштириш бўйича 3 та ҳаракат қайд этган бўлса, йўлдан тўпни олиб қолишда 3 марта рақиб режасини бузди. Яна 3 марта тўпни қайтариб олиш орқали “Сити”нинг қайта ҳужум бошлаш имкониятини яратди.
Статистикага кўра, Ҳусанов 1 марта рақиб томонидан алдаб ўтилган. Ердаги яккама-якка тўқнашувларда у 3 марта курашга киришиб, 2 тасида устун келди. Ҳаводаги дуэлларда эса 2 марта тўқнашувга киришиб, иккаласида ҳам рақибларга имкониятни бой бериб қўйди.
Қисқаси, ҳисоб “Сити” фойдасига бўлмаган бўлса-да, Абдуқодир Ҳусанов дербида тўлиқ ўйнаб, ҳимоядаги юкни кўтаришга ҳаракат қилди ва бир қанча ишончли ҳаракатлари билан кўзга ташланди.