World News in Uzbek

Винисиус миш-мишларга нуқта қўйди: «Реал»да узоқ вақт қоламан...

Мадриднинг «Реал» клуби атрофида ҳар мавсум айни бир сценарий: юлдуз ўйинчи порласа — дарҳол “кетаётган экан” деган гаплар чиқади. Бу сафар ҳам худди шундай бўлди. «Қироллик клуби» ҳужумчиси Винисиус Жуниор жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларга ўз муносабатини билдирди.

25 ёшли бразилиялик футболчи Чемпионлар лигасида «Монако»га қарши баҳсда (6:1) ҳақиқий шоу кўрсатди: бир гол урди, яна икки марта шерикларига ассист берди ва учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Шу каби ўйиндан кейин, табиийки, мухлислар ва ОАВда унинг келажаги ҳақидаги саволлар янада кўпайди.

Ўйиндан сўнг Винисиус бу мавзуда аниқ ва хотиржам позиция билдирди. Унинг таъкидлашича, «Реал»да узоқ йиллар давом этиш истаги бор ва ҳозирча вазиятни “сенсация”га айлантириш учун сабаб ҳам йўқ.

«Мен “Реал”да узоқ вақт қолишни хоҳлайман. Шартномамга келсак, яна бир йил бор, биз мутлақо хотиржаммиз. Мен Флорентино Пересга ишонаман, у ҳам менга ишонади, муносабатларимиз жуда яхши. Барчасини мос вақтда ҳал қиламиз. Шошилишга ҳожат йўқ», — деди Винисиус. Унинг сўзларини журналист Фабрицио Романо келтирди.

Шу билан бирга, аввалроқ айрим манбалар «Реал» ва Винисиус янги шартнома бўйича молиявий шартлар масаласида ҳали келишувга келмагани ҳақида ёзган эди. Аммо футболчининг ўзи бу вазиятга нисбатан ҳам ортиқча шовқинсиз, сокин муносабатда: вақт бор, музокара бор, қарор эса тўғри пайтда қабул қилинади.

Қисқаси, Винисиус ҳозирча “чемодан йиғяпти” деган гапларга эмас, майдондаги ишига таяняпти. «Монако»га қарши ўйин эса бир нарсани очиқ кўрсатди: Винисиус “Реал” учун ҳозир ҳам, келажакда ҳам асосий фигуралардан бири бўлиб қолишга тайёр.

Читайте на сайте