"Интер" даҳшатли камбэк қилди: икки голга олти марта жавоб қайтарди
Италия А Сериясининг 22-тури биринчи учрашуви ҳақиқий голлар фестивалига айланди. Миландаги «Интер» ўз майдонида «Пиза»ни қабул қилди ва 6:2 ҳисобида йирик ғалабани қўлга киритди. Энг ёқимлиси — бу ғалаба оддий эмас, супер камбэк билан келди: миланликлар икки гол ортда қолган ҳолда ўйинни бутунлай ўз фойдасига буриб юборди.
Учрашувнинг бошланишида меҳмонлар анча жасорат кўрсатди. «Пиза» сафида Стефано Морео 11- ва 23-дақиқаларда кетма-кет гол уриб, дубл қайд этди. Шу пайтда трибуналарда “нима бўляпти ўзи?” деган кайфият пайдо бўлгани аниқ.
Лекин «Интер» бу даражадаги зарбадан кейин янада қаттиқроқ қайтди. 39-дақиқада Пётр Зелинский пенальтидан ҳисобни қисқартирди. Орадан икки дақиқа ўтиб, Лаутаро Мартинес ҳисобни тенглаштирди — ва ўша ердан бошлаб майдонда “интерча режим” ёқилди.
Биринчи тайм тугашига яқин Франческо Пио Эспозито 45+2 дақиқада гол уриб, миланликларни олдинга олиб чиқди. Иккинчи таймда эса «Пиза» қаршилиги тобора синди: 82-дақиқа Федерико Димарко, 86-дақиқа Анж-Йоан Бонни, 90+3 дақиқа Генрих Мхитарян гол уриб, ҳисобни мутлақ йирик кўринишга олиб келди — 6:2.
Қисқаси, «Интер» бу кеча мухлисларга “қўрқманглар, биз уйғондик” деган спектакль кўрсатди.
А Серия. 22-тур
Интер – Пиза 6:2
Голлар: Зелински 39 пен, Мартинес 41, Эспозито 45+2, Димарко 82, Бонни 86, Мхитарян 90+3 – Морео 11, 23
Интер – Зоммер, Бастони, де Врей, Биссекк, Аугусто (Аканжи, 80), Энрике (Димарко, 34), Зелински, Мхитарян, Сучич (Барелла, 60), Эспозито (Тюрам, 61), Лаутаро Мартинес (Бонни, 80).
Пиза – Скуффет, Калабреси, Канестрелли, Коппола, Туре, Эбишер (Лорран, 70), Марин, Ангори (Лерис, 70), Морео, Трамони (Пиччинини, 46), Майстер.
Маълумот учун, ушбу ғалаба орқали «Интер» очколарини 52 тага етказиб, 2-ўриндаги «Милан»дан устунликни 6 очкогача оширди. Аллегри шогирдлари эса 22-тур доирасидаги ўз ўйинини ҳали ўтказади.