Балогун 2026 йилги мундиал олдидан кайфиятини билдирди
«Монако» ҳужумчиси Фоларин Балогун 2026 йилги жаҳон чемпионати арафасида ўз кутганлари ҳақида гапирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Эслатиб ўтамиз, турнир мезбонларидан бири АҚШ бўлади. Балогун айнан АҚШ терма жамоаси сафида майдонга тушади.
«Мен доим айтаман: энг муҳими — мундиалга қандай спорт формаси билан келишинг. Ҳозир «Монако»да бор эътиборимни майдондаги ўйинимга қаратишим керак, бу эса турнирга энг яхши ҳолатда боришимга ёрдам беради», — дея футболчининг сўзларини клуб матбуот хизмати келтирди.
2026 йилги жаҳон чемпионати тарихда илк бор бир вақтнинг ўзида уч давлат — АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилади. Шунингдек, турнирда илк марта 48 та терма жамоа иштирок этади.
АҚШ бундан аввал мундиалга 1994 йилда мезбонлик қилган, ўшанда чемпионликни Бразилия қўлга киритган эди.