World News in Uzbek

Ҳусановнинг тўпни олиб қўйиши АПЛда расман топ даражага чиқди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов бу мавсум “Манчестер Сити”нинг асосий таркибида ўйнашга тайёр ва муносиб эканини амалда кўрсатиб келяпти. 21 ёшли легионеримиз ҳақида Англия футболи атрофида ҳам тобора кўпроқ гап чиқяпти — айниқса, рақибдан тўпни тортиб олиш ва дуэлларда ишончли ҳаракат қилиш борасида.

Жаҳон футболида статистик таҳлиллари билан танилган Squawka тадқиқот маркази Англия Премьер-лигасида рақибдан тўпни олиб қўйиш кўрсаткичи энг юқори бўлган ўйинчилар рейтингини эълон қилди. Унга кўра, “Манчестер Сити”нинг ўзбек ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов АПЛдаги “топ-5” рўйхатидан жой олди.

Маълум қилинишича, Ҳусановнинг учрашувларда рақибдан тўпни олиб қўйиш самарадорлиги 91,7 фоизни ташкил қилмоқда. Бу жорий мавсумда Премьер-лига қайдномасидан ўтган 544 нафар футболчи орасида бешинчи натижа саналади. Янада қизиғи, лигадаги барча ҳимоячилар кесимида олинадиган бўлса, Абдуқодир ушбу кўрсаткич бўйича кучли тўртликка киряпти.

Клуб ичидаги рақамлар ҳам ҳурматга арзийди: “Манчестер Сити” сафида қайд этилган 29 нафар футболчи орасида Ҳусанов тўп олиб қўйиш борасида энг яхши икки ўйинчидан бири сифатида тилга олина бошлади.

Нуфузли таҳлилларда яна бир муҳим жиҳат алоҳида таъкидланади: жорий мавсумда Премьер-лигада Ҳусанов иштирок этган 8 ўйиннинг 7 тасида рақиблар уни атиги бир марта алдаб ўта олган. Ўша ягона ҳолатда ҳам Абдуқодир ўзининг одатий нуқтаси — марказий ҳимояда эмас, ўнг қанотда ҳаракат қилгани қайд этилган.

Бу тенденцияни Хосеп Гвардиола ҳам яширмади. “Сити” устози ўзбекистонлик шогирди ҳақида қуйидагича фикр билдирди:

— Ҳусанов жуда ишончли футболчи. Унинг ўзига хос ноёб қобилиятлари ва хусусиятлари бор. Ҳақиқатан ҳам у ўзгача ўйинчи. Абдуқодир орқа чизиқдаги ҳолатларнинг барчасини бартараф этади. Унинг ўзи ҳам шундай ўйнашдан роҳат олади. Ҳусанов қадамма-қадам янада кучайиб боради. У ҳар доим 100 фоиз бор кучи билан ўйнайди. Бу — топ трансфер! Унда ноёб сифатлар бор.

Қайд этиш керак, Абдуқодир мавсумнинг биринчи ярмида асосан ўнг қанот ҳимоясида кўпроқ кўринди. Бироқ клубда марказий ҳимоячилар билан боғлиқ муаммолар кучайгани сабаб, жамоа ҳимоя марказини янада мустаҳкам ушлаб туришга жиддий эътибор қаратаётгани айтилмоқда.

Қисқаси, Ҳусановнинг рақамлари ҳам, майдондаги иши ҳам шунчаки “перспектива” эмас — бу аллақачон натижа. Энди энг муҳим нарса: шу суръатни сақлаб қолиш ва “Сити”даги катта босим остида ҳам совуққон қолиш.

Читайте на сайте