«Бавария» 322 кундан кейин уйда мағлуб бўлди
«Бавария» ўз майдонида мухлисларини ранжитди. Венсан Компани жамоаси «Аугсбург»га қарши учрашувнинг биринчи бўлими ўрталарида ҳисобни очган бўлса-да, якунда 1:2 ҳисобида ютқазди. Бу натижа мюнхенликлар учун жорий Бундеслигадаги илк мағлубият бўлди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Қайд этиш жоиз, «Бавария» Германия чемпионатида уй учрашувида охирги бор 322 кун аввал — ўтган йил 8 март куни мағлуб бўлган эди. Ўшанда улар «Бохум»га 2:3 ҳисобида имкониятни бой берганди.
Эндиликда Бундеслигада иккинчи ўринда бораётган Дортмунднинг «Боруссия»си «Бавария»дан ортда қолаётган фарқни қисқартириш имконига эга. Ҳозир бу тафовут 11 очкони ташкил этади. «Боруссия» кейинроқ Берлиннинг «Унион» жамоасига қарши майдонга тушади.