World News in Uzbek

Абдуқодир Ҳусановдан ишончли ўйин ва деярли хатоcиз паслар

Англия Премьер-лигасининг 23-турида “Манчестер Сити” ўз уйида “Вулверхэмптон”ни қабул қилди ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мухлисларини хурсанд қилди. Учрашувдаги голлар Омар Мармуш ҳамда Антуан Семеньо ҳисобига ёзилди. Энг қувонарлиси, легионаримиз Абдуқодир Ҳусанов бу баҳсда тўлиқ 90 дақиқа майдонда қолди ва мудофаада жуда ишончли кўринди.

“Шаҳарликлар” учун бу ғалаба турнир жадвалидаги ўринни мустаҳкамлашдан ташқари, жамоадаги барқарорлик кайфиятини ҳам қайтара бошлаганидек. Айниқса, ҳимоя чизиғида хотиржамлик сезилди. Ҳусанов эса айнан шу хотиржамликнинг асосий бўлакларидан бирига айланди.

Учрашув давомида ўзбек ҳимоячиси ҳимоявий ҳаракатларда қатор кўрсаткичларни қайд этди. Энг диққатга сазовор томони — паслар аниқлиги: Абдуқодир 71 та узатманинг 68 тасини манзилга етказди ва 96 фоизлик жуда юқори кўрсаткич қайд этди. Бу дегани, у тўпни босим остида ҳам йўқотмасдан, “Сити”нинг ўйинини пастдан чиқаришда муҳим бўғинга айланди.

Ҳусановнинг ўйиндаги статистикаси қуйидагича кўринди:

- Паслар (аниқлиги): 68/71 та (96%)
- Голли вазият яратиш: 1 та
- Тўпни олиб қўйишлар: 2 та
- Охирги ҳимоячи сифатида тўп олиб қўйиш: 1 та
- Зарбаларни ёки узатмаларни тўсиш: 0 та
- Тўпни узоқлаштиришлар: 0 та
- Узатмаларни тутиб олиш: 4 та
- Тўпни қайтариб олишлар: 2 та
- Рақибнинг дриблинг орқали ўтиб кетиши: 0 та
- Ердаги яккакурашларда ғалаба: 2/4 (50%)
- Ҳаводаги яккакурашларда ғалаба: 0/2 (0%)
- Қоида бузишлар: 2 та

Бу рақамлар бир нарсани аниқ кўрсатяпти: Ҳусанов бу учрашувда хавфли хатога йўл қўймади, рақибнинг дриблинг билан ўтиб кетишига умуман имконият бермади ва позициявий жиҳатдан тўғри ҳаракат қилди. Унинг 4 та “интерсепт”и — яъни узатмаларни тўсиб қолиши ҳам ҳимоядаги ўқувчанлик ва вазиятни олдиндан ҳис қилиш қобилиятини яққол намоён этди.

Ҳа, ҳаводаги яккакурашларда омад келмади, лекин бу “Сити” услубида кўп нарсани ўзгартирмайди: Гвардиола жамоасида марказий ҳимоячига биринчи навбатда позиция, пас маданияти ва ақлли ҳаракат талаб қилинади. Ҳусанов эса айнан шу жиҳатларда “деярли хатоcиз режим”да ўйнаб берди.

Энди “Манчестер Сити”ни навбатдаги турда янада катта синов кутяпти — Пеп Гвардиола шогирдлари “Тоттенхэм”га қарши майдонга тушишади. Ана шу беллашувда ҳам Ҳусанов шундай хотиржам ва аниқ ўйнаса, “шаҳарликлар”нинг ҳимояси янада ишончли қурила бошлаши мумкин.

Читайте на сайте