World News in Uzbek

«Борнмут» «Ливерпул»нинг мағлубиятсиз сериясига чек қўйди (видео)

АПЛнинг 23-турида «Виталити» стадиони ҳақиқий драмага саҳна бўлди. «Борнмут» ўз майдонида «Ливерпул»ни 3:2 ҳисобида енгиб, мухлисларга триллерга тенг беллашув тақдим этди.

Учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ мезбонлар ҳужумга ўтди, босимни оширди ва рақибни ҳимояга мажбур қилди. Натижа узоқ куттирмади: 26-дақиқада Эванилсон ҳисобни очди. Орадан кўп ўтмай, 33-дақиқада Хименес яна бир бор «Ливерпул» дарвозасини ишғол қилиб, биринчи бўлимдаёқ «Борнмут»га икки тўплик устунликни таъминлаб берди.

Бироқ мерсисайдликлар бу ерда таслим бўладиган жамоа эмас. Танаффус олдидан ван Дейкнинг аниқ зарбаси ҳисобни қисқартирди ва «Ливерпул» иккинчи бўлимга бошқача кайфият билан чиқди. Уйин охирига бориб босим янада кучайди: 80-дақиқада Собослаи ҳисобни тенглаштирди ва кўпчилик аллақачон «камбэк тайёр» деб ўйлаб улгурганди.

Лекин футбол шу ерда футбол: қўшиб берилган сўнгги сонияларда «Борнмут» яна бир бор зарба берди. 90+5 дақиқада Адлининг ғалаба голи стадионни портлатди, «Ливерпул» эса бир зумда шок ҳолатига тушиб қолди.

АПЛ. 23-тур
Борнмут — Ливерпул 3:2
24 январ, «Виталити»
Голлар: Эванилсон (26), Хименес (33), Адли (90+5) — ван Дейк (45), Собослаи (80).
Борнмут — Петрович, Смит, Ҳилл, Сенеси, Трюффер, Скотт, Кук, Хименес (Тот, 85), Крупи (Кристи, 67), Адли, Эванилсон (Унал, 90+3).
Ливерпул — Алиссон, Фримпонг (Жонс, 59), Гомес, ван Дейк, Керкез (Робертсон, 46), Гравенберҳ, Мак Аллистер (Экитике, 59), Собослаи, Виртц, Салоҳ, Гакпо (Нгумоҳа, 74).
Огоҳлантиришлар: Крупи (45+3), Гравенберҳ (90+3).

Шу тариқа, Слот жамоасининг 10 ўйинлик мағлубиятсиз серияси тўхтатилди. «Ливерпул» 36 очко билан 4-ўринда қолган бўлса, «Борнмут» 30 очко жамғариб, 13-поғонага кўтарилди.

Қисқаси, «Виталити»даги бу кеча «Ливерпул» учун қаттиқ зарба бўлди, «Борнмут» эса ўз мухлисларига узоқ эсда қоладиган ғалабани совға қилди.

Читайте на сайте