World News in Uzbek

Янис Лери ўзбек футболи ва ислом динига эътиқоди ҳақида нималар деди?

"Хоразм" клуби сафига келиб қўшилган франциялик легионер Янис Лери клуб матбуот хизматига интервью берди. У мазкур интервью давомида клуб матбуот хизмати томонидан берилган саволларга қуйидагича жавоб қайтарди:


– Футбол билан неча ёшдан шуғуллана бошлагансан?

– 5 ёшимда футбол ўйнашни бошлаганман. "Ливри"да тўп тепар эдим. У ер Париждаги уйим ҳисобланади.

– Ўзбек футболи ҳақида қандай фикрдасан?

– Ўйлайманки, Ўзбекистонда футбол савияси яхши даражада. Тўғри, мамлакат футболи Испания ва Францияникидан фарқ қилади, бироқ янги мавсум бошланишини интиқлик билан кутяпман. Жамоа аъзолари бу ерга мослашишимга ёрдам бермоқда. Шу жиҳатдан кўникишим осонроқ бўлмоқда. Ростини айтсам, инглиз тилида кўп гапирмайман, шунга қарамай, жамоадошларим билан тил топишишда қийинчиликка дуч келганим йўқ.

– Қайси футболчилар билан тез тил топишяпсан?

– Ҳамма билан оз-моз суҳбатлашяпман. Логан ва Фабиньо билан кўпроқ мулоқот қиляпман, чунки улар португал тилида гапира олади, мен эса испанчани биламан. Икки тил бир-бирига яқин бўлгани учун фикр алмашиш қулай.

– Карьеранг давомида нечта гол ургансан?

– Аниқ билмайман, лекин "Сент-Этьен"даги фаолиятимда унинг сони кўпроқ. Адашмасам, "Логронес"даги сўнгги ўйинимда рақиб дарвозасини ишғол қилгандим. "Сент-Этьен" сафида урган голларим ҳамон ёдимда, булар ёрқин хотира бўлиб қолган.

– Янги мамлакатга мослашишда энг қийини нима?

– Энг қийини – тил масаласи. Чунки ўзбек тилини билмайман.

– "Хоразм" мухлислари ҳақида қандай фикрдасан?

– Бизни қўллаб-қувватлайдиган мухлисларнинг кўплиги яхши. Бу эса ҳар ўйинда руҳий томонлама ёрдам беради.

– Трансфер ойнасида бошқа жамоалардан таклифлар бўлдими?

– Қатардан ҳам таклиф бўлди, аммо масала узил-кесил ҳал бўлмади. Лекин мен "Хоразм"га келишни хоҳлагандим. Бошқа жамоаларни кузатмасдан, шу вариантни танладим.

– Ислом динига эътиқод қиласанми?

– Албатта, шундай.

– Сен учун қайси позицияда тўп тепиш қулай?

– Мен учун қанот ҳужумчиси сифатида тўп тепиш қулайлик яратади. Осон эмас, яхши деяқолайлик.

– Мақсадинг тўғрисида айтиб берсанг.

– Мақсадим – жамоага кўпроқ ёрдам бериш;

- голлар уриш ва ассистлар амалга ошириш;

- ўйин давомида қулай вазиятлардан унумли фойдаланиб, рақиблар дарвозасига тўп киритиш;

- мавжуд имкониятимни ишга солиб, жамоам ғалаба қозонишига ёрдам бериш.


Манба: "Хоразм" матбуот хизмати

Читайте на сайте