World News in Uzbek

«Челси» дербида суперкамбэкни амалга ошириб, ғалаба қозонди (видео)

Англия Премьер-лигасининг 24-тури доирасидаги Лондон дербисида "Челси" "Вест Хэм Юнайтед"га қарши ҳақиқий “суперкамбэк шоу” намойиш этди. Учрашув драмаси шундай бўлдики, бир пайтлар мезбон мухлислар “бўлди, кетдик” деган кайфиятга тушиб ҳам улгурди, кейин эса бари тескари айланди.

Ўйиннинг бошида меҳмонлар жуда чаққон ҳаракат қилди: 7-дақиқада Жаррод Боуэн ҳисобни очди. Биринчи бўлим охирларида эса Крисенсио Саммервилл яна бир гол уриб, “болғачилар”ни 2:0 ҳисобида олдинга олиб чиқди. Қисқаси, танаффусга келиб "Челси" учун вазият жуда оғир кўринаётган эди.

Аммо иккинчи бўлимда майдонга бошқа "Челси" чиқди — тезлик юқори, босим қаттиқ, ишонч эса максимал. 57-дақиқада Жоао Педро рақиб дарвозасини ишғол қилиб, камбэкка старт берди. Орадан кўп ўтмай, 70-дақиқада Марк Кукуреля ҳисобни тенглаштирди — стадион “уйғониб” кетди.

Энг қизиғи эса охирида бўлди. Учрашув якунига яқинлашганда ҳар икки жамоа ҳам бир очкога розидек кўринаётганди, лекин 90+2-дақиқада Энцо Фернандес “ўйинни ўғирлаб кетди” десак ҳам бўлади: ҳал қилувчи гол — ва мезбонлар учун 3:2!

Челси – Вест Ҳэм 3:2
Голлар: Жоао Педро 57, Кукуреля 70, Фернандес 90+2 – Боуэн 7, Саммервилл 36.
Челси – Санчес, Густо (Жеймс, 81), Чалоба, Бадиашвиле (Фофана, 46), Хато (Кукуреля, 46), Кайседо, Энцо Фернандес, Гиттенс (Нету, 26), Палмер, Гарначо (Жоао Педро, 46), Делап.
Вест Ҳэм – Ареола, Ван-Биссака, Тодибо, Мавропанос, Диуф, Соучек, Саммервилл, Фернандес, Боуэн (Траоре, 81), Пабло (Килман, 67), Тати (Уилсон, 76).

Бу ғалаба орқали "Челси" очколарини 40 тага етказиб, 4-поғонага кўтарилди. "Вест Хэм Юнайтед" эса 20 очко билан 18-ўринда қолди — пастки зонада ҳаво оғир, босим эса ҳар турда ошяпти.

Хулоса оддий: дербида 2:0 ҳам “хавфсиз” эмас экан. Айниқса, сенга қарши "Челси" иккинчи бўлимда “энди менинг навбатим” режимини ёқиб юборса.

Читайте на сайте