World News in Uzbek

Бугун Абдусатторов ва Синдаров ҳал қилувчи турга чиқaди

Бугун шахмат ихлосмандлари учун ҳақиқий асаблар синови — нуфузли “Тата Steel Chess 2026” турнирида сўнгги, 13-тур учрашувлари ўтказилади. Энг қувонарли томони, чемпионлик учун курашнинг марказида айнан ҳамюртларимиз турибди: Нодирбек Абдусатторов 8 очко билан пешқадам, Жавоҳир Синдаров эса 7,5 очко билан унинг энг яқин таъқибчиси.

Ҳал қилувчи турда Нодирбек ҳиндистонлик Аржун Эригайсига қарши, Жавоҳир эса филиппинлик Тай Дай Ван Нгуен билан доналарни тўқнаштиради. Муҳим детал: ҳар икки шахматчимиз бугун қора доналарда ҳаракат қилади. Демак, позициядаги ҳар бир ҳимоя, ҳар бир қарши ўйин — икки баравар қиммат.

Абдусатторов янги чемпионга айланишга жуда яқин. Сабаби, Эригайси сўнгги баҳсларда бир неча бор ноаниқ қарорлар ва шошма-шошар юришлар билан ўзини қийин вазиятга солиб қўйди. Агар бугун ҳам шу кайфият такрорланса, Нодирбек бу имкониятни “совға” деб қабул қилмайди — қаттиқ жазолайди. Бир сўз билан айтганда: майдонда меҳр йўқ, фақат ҳисоб бор.

Бироқ сценарийлар ҳам бор ва улар жуда қизиқ:

  • Агар Нодирбек дуранг ўйнаб, Жавоҳир ғалаба қозонса, чемпионлик масаласи эҳтимол тайбреккача бориб етиши мумкин.

  • Бунинг сабаби ҳам оддий: икки ҳамюртимиз ўзаро ўйинда дуранг қайд этган, шунинг учун очколар тенглашса, қўшимча баҳслар эҳтимоли кучаяди.

Учрашувлар Тошкент вақти билан 18:15 да старт олади. Бугунги кечқурун шахматда ҳам “сўнгги дақиқа голи” бўлади — фақат у ерда гол эмас, битта аниқ юриш ҳал қилади.

Қисқаси, бугун юртимиз шахмат тарихида янги саҳифа очилишига бир қадам қолди. Энди навбат — сокинлик, темир сабр ва ўз вақтида қилинган битта тўғри қарорда.

Читайте на сайте