«Ал-Ҳилол» Калиду Кулибали билан шартномани узайтирди
Марказий ҳимоячи Калиду Кулибали келаси мавсумда ҳам «Ал-Ҳилол» сафида тўп суради. Саудия клуби расмий сайтида сенегаллик футболчи билан тузилган шартнома узайтирилганини маълум қилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Янги келишув ҳужжатларига имзо чеккан Кулибалининг «Ал-Ҳилол» билан ҳамкорлиги 2027 йилнинг ўрталаргача давом этади.
Кулибали жамоага 2023 йилда қўшилганди. У бунгача Европада «Мец», «Генк», «Наполи» ва «Челси» клубларида ўйнаган.
Ҳимоячи Саудия Арабистонини аввало юқори маош сабаб танлаганини яширмаган, кейинроқ эса маҳаллий чемпионат даражасини ҳам яхши баҳолаган.
Ҳозир «Ал-Ҳилол» Саудия Про-лигаси турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўриндаги «Ан-Наср» эса бир очко ортда қолмоқда.