Штутгарт Кёльнни мағлуб этиб, кучли тўртликка чиқди
Бундеслиганинг 22-турида Кёльнни қабул қилган Штутгарт эрта гол уриб, учрашувни ўз назорати остида олиб борди ва якунда 3:1 ҳисобида зафар қучди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ Дениз Ундав хавфли вазиятга чиқди, бироқ зарба ўрнига узатма йўлини танлади ва дарвозабон эпизодни ўқиб, тўпни эгаллаб олди. 15-дақиқада эса Жемми Левелинг ҳужумни кескинлаштирди, Эрмедин Демирович эса имкониятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди — 1:0.
Иккинчи бўлимда Кёльн жавоб қайтарди: 60-дақиқада Лука Валдшмидт Рагнар Ахени тезкор ҳужумга чиқариб юборди, у эса дарвозабон устидан тўпни ошириб, ҳисобни тенглаштирди — 1:1. Шунга қарамай, учрашув сўнгида Штутгарт яна ўз сўзини деди: 84-дақиқада Рамон Хендрикснинг узатмасидан кейин Демирович дубл қайд этиб, мезбонларни яна олдинга олиб чиқди — 2:1.
Қўшимча дақиқаларда ҳам Штутгарт босимни тўхтатмади: Анжело Штиллер яратиб берган вазиятдан Ундав унумли фойдаланиб, якуний ҳисобни ўрнатди — 3:1.
Ушбу ғалабадан сўнг Штутгарт турнир жадвалида якка 4-ўринга кўтарилди, Кёльн эса 11-поғонада қолди.