World News in Uzbek

Кеча Файзуллаев юқори баҳоланди, Шомуродовга пастроқ балл қўйилди...

Кеча Туркия Суперлигасининг навбатдаги турида “Истанбул Башакшеҳир” майдонга тушиб, “Бешиктош”га қарши кескин беллашув ўтказди. Ўйин жуда драматик сценарийда кечди ва мезбонлар 2:3 ҳисобида мағлубият аламини тортди.

Ушбу тўқнашувда икки ҳамюртимиз ҳам учрашувни асосий таркибда бошлади. Аббосбек Файзуллаев 66-дақиқада алмаштирилди, Элдор Шомуродов эса бутун 90 дақиқани тўлиқ ўтказди. Ўйиндан кейин эса статистик платформалар ва рейтинг порталлари икки футболчимиз ҳаракатини турлича баҳолади — кимдир юқори, кимдир бироз пастроқ балл берди.

Хусусан, “Fotmob” Аббосбек Файзуллаевни 7.8 баллга муносиб деб топган бўлса, Элдор Шомуродовга 6.2 балл қўйди. “Sofascore” эса Файзуллаевнинг ўйинини 6.8 балл билан баҳолади, Шомуродовга эса 5.9 балл берди.

Бундан ташқари, машҳур манбалардан бири саналадиган “Flashscore” ҳам 22 ёшли ҳужумчимизга (Аббосбекка) 7.3 балл қўйган. Миллий терма жамоамиз сардори бўлган Элдор Шомуродовга эса 5.7 баллни лойиқ кўрган.

Қисқаси, рейтинглар бир нарсани кўрсатяпти: бу ўйинда Аббоснинг фаоллиги кўпроқ кўзга ташланган, Элдор эса тўлиқ ўйнаган бўлса-да, порталлар талқинида унчалик юқори баҳоланмаган. Лекин баҳолар — бу бир томон, реал футбол эса бошқа томон: баъзан майдондаги оғир иш (босимда ўйнаш, ҳимояни очиш, кураш) рақамларда тўлиқ акс этмай қолади.

Маълумот ўрнида, “Башакшеҳир” навбатдаги учрашувини 21 февраль куни “Аланьяспор”га қарши ўтказади. Энди жамоа учун энг тўғри жавоб — шу мағлубиятни тез унутиб, кейинги турда натижа билан “гапириш”.

Читайте на сайте