«Барселона» Марк Касадо билан шартномани узайтирмоқчи
«Барселона» ярим ҳимоячи Марк Касадони жамоа таркибида сақлаб қолишни истамоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Журналист Карлос Монфорт хабарига кўра, футболчининг амалдаги битими 2028 йил 30 июнгача мўлжалланган бўлса-да, каталонияликлар яқин ойлар ичида Касадо билан музокараларни бошлаб, шартномани 2031 йилгача узайтириш ниятида.
Бошқа клублар қизиқиши борлигига қарамай, Касадонинг ўзи ҳам «Барселона»да қолишни афзал кўрмоқда. У «кўк-анорранглилар» сафида тўп суриш ҳар доим орзуси бўлганини яширмайди.
«Барселона» академияси тарбияланувчиси бўлган Марк Касадо жорий мавсум барча мусобақаларда 25 ўйинда майдонга тушиб, битта голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt портали уни 25 миллион еврога баҳоламоқда.