Роналду мураббийдан муҳим ўйинларгина сўради
“Ал-Наср” ҳужумчиси Криштиану Роналду жамоа сафида асосан энг муҳим баҳслардагина майдонга тушишга тайёр. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
365Scores Arabic хабарига кўра, 41 ёшли португалиялик футболчи бош мураббий Жорже Жезушга мурожаат қилиб, ОФК Чемпионлар лигасининг ҳал қилувчи босқичлари бошланмагунча уни имкони қадар камроқ ўйинларда ишлатишни сўраган. Роналду ортиқча юкламадан қочиб, асосий учрашувларга максимал тайёр ҳолатда етиб боришни ва оптимал спорт формасини сақлаб қолишни истайди.
Жорий мавсумда Роналду “Ал-Наср” сафида 23 ўйинда 19 та гол урди. Юлдузли ҳужумчи Саудия Арабистони чемпионатининг энг яхши тўпурарлари рўйхатида Айвен Тонидан кейин иккинчи ўринда бормоқда.