«Барселона» Решфордни сотиб олиб, дарҳол фойдага сотиши мумкин
«Манчестер Юнайтед»дан «Барселона»га ижарага келган Маркус Решфорднинг келажаги ҳануз мавҳум. Каталонияликлар инглиз футболчисини 30 млн евроға сотиб олиш ҳуқуқига эга, бироқ клубнинг молиявий ҳолати бу суммани тўлашга ҳалал бериши мумкин. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Transfer News Live El Nacional’га таяниб хабар беришича, «Барселона» Решфордни фақат дарҳол қайта сотиш учун харид қилишга мажбур бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Манбага кўра, номи ошкор этилмаган айрим клублар 28 ёшли ҳужумчи учун кўрсатилган нархдан қарийб икки баравар кўп тўлашга тайёр, бу эса «кўк-анорранглилар» учун иқтисодий жиҳатдан жуда манфаатли келишувга айланиши мумкин.
Жорий мавсумда Ханс-Дитер Флик жамоасида Решфорд 34 учрашувда 10 та гол урди ва 13 та голли узатмани амалга оширди.