Туркиядаги ўйинда футболчи чайқани қутқариб қолди
Туркияда ўтказилган «Мевланакапи Гузелҳишар» ҳамда «Истанбул Юрдум Спор» учрашувида ғайриоддий воқеа юз берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган лавҳада дарвозабон тўпни узоқлаштираётганда, майдон устида учиб ўтаётган чайқага тегиб кетгани акс этган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Қуш ерга қулагач, иккала жамоа футболчилари дарҳол унинг олдига югуриб борди. «Истанбул Юрдум Спор» сардори Гани Чатан тезда вазиятни баҳолаб, чайқага билвосита юрак массажини қила бошлади ва кейин қушни майдон бўйидаги тиббиёт ходимларига топширди.
Туркиянинг AA нашри хабарига кўра, чайқа омон қолган. Бир муддат уча олмаслиги мумкин, бироқ ветеринарларга топширилгач, соғлиғи тикланиши кутилмоқда.