Туркияда ўйинда футболчи жароҳатланган чағалани юрак массажи қилди
Туркияда бўлиб ўтган «Мевланакапи Гузелҳисар» – «Истанбул Юрдум Спор» учрашувидан олинган видео ижтимоий тармоқларда тез тарқалди. Лавҳада дарвозабон тўпни узоқлаштирмоқчи бўлади, бироқ зарба майдон узра учиб ўтаётган чағалага тегиб кетади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Қуш ерга қулагач, ҳар икки жамоа футболчилари зудлик билан унинг олдига югуриб боришади. «Истанбул Юрдум Спор» сардори Гани Чатан вазиятни тезда англаб, чағалага билвосита юрак массажи қилишни бошлайди.
Кейинроқ футболчи чағалани майдон четидаги тиббий ходимларга топширади. Туркиянинг AA портали хабарига кўра, чағала тирик қолган: у бир муддат уча олмайди, аммо ветеринарларга топширилгач, аста-секин соғайиб кетиши кутилмоқда.