Баварияда фақат Жексон ўз ролидан норози
Мюнхеннинг "Бавария" клубида ҳужумчи Николас Жексон ўзининг жамоа ичидаги вазиятидан қониқмаяпти. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Bild хабарига кўра, сенегаллик футболчи ўйин амалиёти камлигидан норози бўлган ягона "Бавария" аъзоси ҳисобланади. Унинг ранжиши жамоа муҳитида ҳам сезилаётгани таъкидланади. Қолган футболчилар эса чекланган роли билан келишиб, кўпроқ дақиқаларга лойиқ эканини машғулот ва ўйинларда исботлашга уринмоқда.
"Бавария" Жексонни 2025 йил сентябрида "Челси"дан мавсум охиригача 16 миллион евро эвазига ижарага олган. Келишувда футболчини 65 миллион еврога сотиб олиш банди ҳам бор. Жорий мавсумда Жексон мюнхенликлар сафида барча мусобақаларда 22 учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол урди ва 1 та голли узатма берди.